
Навоий вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси ҳамда вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ҳамкорлигида “Навоий шаҳридаги объектларнинг қурилиш жараёнларини ўрганиш, шаҳарсозлик нормаларига амал қилиниши, зилзилабардошлик ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлили” мавзусида пресс-тур ташкил этилди.
Унда Навоий вилоятида 2017-2025 йилларда кўп квартирали уйларнинг зилзилабардошлилигини ўрганиш ва аҳолининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш бўйича тузилган Ишчи гуруҳнинг Навоий шаҳридаги кўп қаватли уйлардаги фаолияти ОАВ вакиллари томонидан кузатиб борилди.

Пресс-тур давомида қурилаётган кўп қаватли уйлар визуал текширувдан ўтказилди. Бунда пойдевор ва унинг атрофи, ертўла ҳамда бинонинг таянч конструкциялари, қопламалар ва деворлари ўлчов ҳамда назорат воситалари орқали кўздан кечирилди.
Мониторинглар давомида пойдевор, қават оралиғи, девор ва том қисмларининг мустаҳкамлиги, шунингдек, қурилиш ишларининг лойиҳа ҳамда амалдаги меъёрий ҳужжатларга мувофиқлиги, қурилиш сифати ўрганилди.

– Биринчи навбатда металлни аниқлайдиган детектор ёрдамида бетон орасига қўйилган металл парчасининг бор-йўқлиги, жойлашган ўрни аниқлаб олинади, – дейди вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси қурилиш синов лабораторияси бош мутахассиси Одилжон Актамов. – Кейин махсус мослама ёрдамида бетон тешиб олинади. Бетон мустаҳкамлигини бузиб текширадиган аппаратни ўрнатган ҳолатда сифат текширилади. Ушбу қурилиш объектида бузган ҳолатда бетон мустаҳкамлигини лаборатория синовидан ўтказдик. Синов натижаларига кўра, лойиҳа талабига асосан ишлар олиб борилган.

Пресс-тур давомида журналистлар Навоий вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ҳудудий назорат қилиш инспекцияси қурилиш-синов лабораториясида бўлди. Бу ерда улар кўп қаватли уйларни қуришда фойдаланилаётган қурилиш материалларини текшириш ва синовдан ўтказиш техникаларининг ишлаш жараёни билан танишди.
Бугунги кунда қурилиш соҳасида ҳам рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги натижасида вилоятда фаолият юритаётган 1390 та пудрат ташкилотларидан 830 тасининг молиявий ҳолати яхшиланиб, рейтингга киритилди ва 2024-2025 йиллар давомида 4 мингта янги иш ўрни яратилди.

Ўтган давр мобайнида янги технологиялар ва маҳаллий материалларни қўллаш натижасида 86 миллиард сўм маблағ иқтисод қилинган бўлса, ушбу маблағлар 4 та янги таълим объектлари ҳамда дастур доирасида лимити етишмаган 17 та объектларнинг қурилиш-таъмирлаш ишларига йўналтирилди.
– Албатта, аҳолининг уй-жойга бўлган талаби йилдан-йилга ортиб бормоқда, – дейди Навоий вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят бош архитектори Озод Шодиев. – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 февралдаги “Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида 2025 йилда вилоятда 5500 хонадонли 69 та уй-жой фойдаланишга топширилиши белгиланган. Жумладан, 10 та 842 хонадонли уй-жой “Янги Ўзбекистон” массивларида, 59 та 4658 хонадонли уй-жой талаби юқори бўлган бошқа ҳудудларда тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилиб, фойдаланишга топширилади. Бугунги кунга қадар 918 хонадонли 9 та кўп қаватли уй-жойлар фойдаланишга топширилди.

Жараёнда иштирокчилар бугунги кунда янгидан қурилган кўп қаватли уйларни харид қилишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, шаффоф қурилиш тизими орқали қурилиш компаниялари ҳақида маълумот олиш тартиби, уй сотиб олишда ҳужжатларнинг қонунийлигини текшириш юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири