Кўп қаватли уйлар таянчларини ўзича ўзгартириш хавфли
Кўп квартирали уйларда яшашнинг, улардан фойдаланишнинг ўзига яраша маданияти, тартиб-қоидалари мавжуд. Ҳеч ким кўп қаватли уйларнинг конструкцияларини ўзича ўзгартиришга, бузишга ҳақли эмас.
Кўп квартирали уйлардаги таянч ва тўсиқ конструкцияларни қонунчиликни ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни бузган ҳолда ўзгартирганлик ёки реконструкция қилганлик учун қонунчилигимизда тегишли тартибда жавобгарлик белгиланган. Аммо шунга қарамай, кўп қаватли уйларда истиқомат қиладиган айрим шахслар қонунчиликка зид равишда уйлардаги таянчларни, деворларни ўзича бузиб, ўзгартириб, хавфсизлиқ қоидаларига амал қилишмайди. Уйнинг техник ҳолатига хавф туғдиришади.

Бу борада Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан мунтазам равишда ўрганиш ва кузатув ишлари олиб борилади. Яқинда вазирлик ҳузуридаги Уй-жой фонди инспекцияси томонидан ўтказилган ўрганиш ишларда Мирзо Улуғбек тумани Қори Ниёзий кўчаси, 5-уйда истиқомат қилувчи фуқаро томонидан ноқонуний тарзда кўп қаватли уйнинг 2-, вa 3-қаватларини ажратиб турувчи плитанинг бир қисми бузилиб, хонадонларни бирлаштирувчи зинапоя ўрнатилганлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159-моддаси 3-қисми билан жами 27 миллион сўм жарима қўлланилди. Ўзгартирилган жойлар аввалги ҳолатига қайтарилди.

Бундан ташқари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Озода Жўраева тегишли мутасаддилар билан биргаликда пойтахт туманларида ўрганишлар олиб бориб, коммунал соҳадаги масалалар билан танишди. Жумладан, Шайхонтоҳур туманида жойлашган 64 та кўп қаватли уйнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, бошқарув ташкилотлари томонидан сервис хизматларни ташкил этиш ишлари, хусусан, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, кўп қаватли уйларни таъмирлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Шунингдек, мутасаддилар аҳоли билан суҳбатда бўлиб, уларнинг соҳага доир мурожаатларини қабул қилдилар. “Янги Белтепа” маҳалласи аҳолиси билан ўтказилган суҳбат давомида одамларнинг бошқарув ташкилотидан норозилиги ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги қатор камчиликлари аниқланди. Муҳокамалардан сўнг аҳоли розилиги билан мазкур ҳудуддаги уйлар туманда фаолият юритувчи бошқарув компаниясига бириктирилди.

Ҳозирда копмания кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштириш, хусусан, болалар ва қариялар учун махсус майдончалар қуриш, кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича амалий ишларни олиб бормоқда. Шунингдек, бошқарув ташкилотининг янги биноси ҳам барпо этилмоқда.
Вазир ўринбосари уйма-уй юриш мобайнида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди.
М.Комилова, ЎзА