Кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватларини савдо ва сервис фаолиятига мослаштириш имкониятлари кенгайтирилмоқда
Маҳаллаларда кичик бизнес ва хизматлар соҳасини ривожлантириш учун янги имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватларини савдо ва сервис фаолиятига мослаштириш имкониятлари кенгайтирилмоқда. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида бизнес бошламоқчи бўлган тадбиркорлар учун гаровсиз кредит лимити 100 миллион сўмдан 200 миллион сўмга оширилади.
Олмазор туманида ушбу имкониятлардан фойдаланиб, жорий йилнинг ўзида 300 нафар янги тадбиркорни қўллаб-қувватлаш ва 1 мингта иш ўрни яратиш белгиланди. Мазкур тажрибани пойтахтнинг бошқа туманларига ҳам кенгайтириб, йил якунигача 20 минг нафар аҳолини даромадли иш билан таъминлаш вазифаси қўйилди.
Мискин ва Иброҳим ота маҳаллалари ҳудудидаги 305 гектар саноат зонасида 504 та тадбиркорлик объекти мавжуд. Уларнинг аксарияти 1-2 қаватли биноларда жойлашгани сабабли ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.
Бу ерда иш ўринларини ҳозирги 35 мингтадан 100 мингтага, экспорт ҳажмини эса 600 миллион долларга етказиш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.
Тадбиркорларга саноат ипотекаси, кредит ва лизинг каби қулай молиявий инструментларни таклиф этиб, саноат ҳудудида юқори қўшилган қиймат яратадиган янги лойиҳалар бошланиши белгиланди.
ЎзА