“Конверт” усулида ҳақ тўлашга йўл қўйилмайди
Тошкент вилояти давлат солиқ ҳамда бандлик ва меҳнат муносабатлари бошқармалари ҳамкорлигида норасмий бандликнинг олдини олиш, жумладан, “конверт” усулида ҳақ олаётган ишчиларини легаллаштириш борасида тизимли тадбирлар ўтказилмоқда.
Биргина Қуйи Чирчиқ туманида жорий йилнинг шу даврига қадар 1 минг 86 нафар норасмий тарзда ишлаётган ишчи ва ходимлар фаолияти расмийлаштирилди. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида 920 нафар фуқаро билан ўзи ишлаётган корхоналар ўртасида меҳнат шартномалари тузилган.
Хусусан, "TCT AGRO CLUSTER" масъулияти чекланган жамияти 2018 йилдан буён 948 нафар ходимни норасмий ишлатиб келаётганлиги аниқланди. Олиб борилган тарғибот ва тушунтириш ишлари натижасида бугунги кунда 900 нафар ходим билан меҳнат шартномалари тузилган.
Давлат солиқ хизмати ходимлари томонидан мазкур корхоналар раҳбарига “конверт” усулида маош олаётган ишчиларнинг норасмий ишлаган йиллари уларнинг меҳнат стажига қўшилмаслиги, бу ўз навбатида меҳнатга яраша пенсия тайинланмаслигига олиб келиши кенг тушунтирилди. Бундан тўғри хулоса чиқарган тадбиркор шу куннинг ўзида ушбу норасмий ишчиларнинг фаолиятини қонунийлаштирди.
Умуман олганда, Тошкент вилоятида бу каби ҳолатларни бартараф этиш учун давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларида олиб борилаётган тушунтириш ишлари ўз самарасини бермоқда. Натижада давлат бюджети ва мақсадли жамғармаларга қўшимча солиқ ҳамда мажбурий тўловлар тушумлари ортиши таъминланмоқда.
А.Мусаев, ЎзА