Конституциявий ислоҳотлардан рақамли судгача: давлат бошқарувини модернизация қилишнинг янги даври
Маълумки, мамлакатлар учун демократик, шаффоф ва самарали давлат бошқаруви ҳамда адолатли суд-ҳуқуқ тизими барпо этиш стратегик устувор йўналиш ҳисобланади. Диёримиз ҳам бу йўналишда изчил ва қонуний асосланган ислоҳотларни амалга оширмоқда.
Сўнгги йилларда давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш бўйича ўлкамизда бир қатор муҳим ташаббуслар амалга оширилди. Биргина энг катта ҳуқуқий ислоҳотлардан бири бу 2023 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясидир. У давлат ва жамият ҳаётида инсон ҳуқуқлари устуворлигини янада мустаҳкамлаб берди. Эндиликда муҳим вазифа – ушбу конституциявий нормаларни амалда тўлиқ ишлашини таъминлаш ҳисобланади. Бунда қонунларни қабул қилишда мажбурий таъсирни баҳолаш механизмини жорий этиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни соддалаштириш ва коллизияларни бартараф этиш кабилар муҳим роль ўйнайди.
2025 йил сўнгида давлатимиз раҳбарининг халқимиз ва парламентга қилган Мурожаатининг асл моҳияти ҳам давлат хизматларини рақамлаштириш ва ягона платформага интеграция қилишдан иборат деб айтсак, муболаға бўлмайди. Дарҳақиқат, ҳозирда электрон ҳукумат тизими орқали минглаб давлат хизматлари онлайн шаклга ўтказилиб, бюрократия камаймоқда. Бу хизматлар орқали фуқаролар мурожаатларни тез ва шаффоф тарзда юбориши мумкинлигини хис қилиб бормоқда.
Мурожаатномага кўра, 2026 йилдан бошлаб барча давлат идоралари хизматлари ягона рақамли платформага бирлаштирилиши белгилаб берилди, бунда хизматлар ва маълумотлар алмашинуви автоматлаштирилиши, мурожаатлар, уларни ижрога тақсимлаш ва кўриб чиқиш жараёни сунъий интеллект орқали назорат қилиниши белгиланди. Бу ўзгаришлар хизматчилар ва фуқаролар ўртасидаги бевосита алоқани соддалаштиради, бюрократик тўсиқларни камайтиради ҳамда хизмат сифатини оширади.
Президентимиз мурожаатномада шаффофликни таъминлашнинг янги механизмлари қайд этилишини белгилаб берди. Унга кўра, жорий йил 1 январдан давлат харидларида тўғридан-тўғри сотиб олиш фақат қонунда белгиланган ҳолларда амалга оширилиши, депутат сўровлари ижроси ҳар чоракда таҳлил қилиниши ва натижалари прокуратурага тақдим этилиши белгиланди. Айниқса, суд ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар ислоҳоти мурожаатномада алоҳида эътибор қаратилган йўналиш бўлди. Мақсад – адолатли, тезкор, шаффоф ва фуқароларга яқин суд тизимини жорий этиш.
2026 йилда “рақамли суд” концепцияси доирасида суд жараёнларини трансформация қилиниши ҳам алоҳида ислоҳотларнинг натижаси деб қараш мумкин. Масалан, терговдан тортиб, суд қарорига қадар бўлган барча жараёнлар сунъий интеллект технологиялари орқали автоматлаштирилиши белгиланади, бу эса инсон омилини камайтириши, жараёнларни тезлаштириши ва суд қарорларининг сифатини оширишга хизмат қилади.
Мазкур йилдан бошлаб тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ваколати берилиши ҳам судлов органига берилган катта имтиёздир. Оғир жиноятлар бўйича суд жараёнларига жамоатчилик вакилларининг иштироки йўлга қўйилиши ҳам белгиланди. Суд қарорларини ижрога ошириш самарадорлигини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилиши қайд этилди. Бу жараёнлар суд тизимининг халқ олдидаги обрўсини оширади, фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлайди ва суд ишларини кўришнинг очиқлигини таъминлайди.
Умуман олганда, мурожаатнома давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларини янги стратегик босқичга олиб чиқди, дейиш мумкин. Келтириб ўтилган йўналишлар замонавий давлат моделини яратиш, бюрократияни камайтириш, фуқароларга самарали хизмат кўрсатиш ва адолатни мустаҳкамлашга қаратилган, деб бемалол айтиш мумкин. Ривожланаётган рақамли инфратузилма, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш ва жамоатчиликнинг фаол жалб этилиши ушбу ислоҳотларни амалиётга татбиқ этишда асосий мотор бўлиб хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, Ватанимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари демократик, шаффоф ва адолатли тизим қуришга хизмат қилмоқда. Рақамлаштириш, суд мустақиллиги, хизматлар сифати ва фуқароларга қулайлик – буларнинг барчаси замонавий давлат моделининг ажралмас қисмидир. Ушбу ислоҳотлар нафақат ҳуқуқий барқарорликни оширмоқда, балки фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Маҳмуд Утемуратов,
Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар номзоди.
ЎзА