Конституциямиз-келажагимиз пойдевори
Конституция фуқароларга муайян ҳуқуқ ва ўз навбатида, мажбуриятларни юклайди. Шу кунга қадар қабул қилинган Фармон, қонун, қарор, кодекс ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг барчаси Конституцияга асосланади ва уни тўлдиради. Шунга кўра, мамлакатимиздаги конституциявий ислоҳотлар барчамиз учун ўта муҳим ва аҳамиятлидир. Қолаверса, бугун ҳар бир фуқарога Ўзбекистон Конституциясига таклиф бериш имконияти мавжуд.
Инсон қадрини улуғлаш, ҳар кимнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланди. Ушбу жараёнда инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган янги нормалар ўзининг ижобий натижасини бериш билан бирга жамиятда ҳал этилиши зарур бўлган масалаларни ҳам кўрсатди.
Конституцияга киритилган нормалар асосан давлат бошқаруви ташкилотларига тааллуқли бўлган бўлса, эндиги ўзгаришлар инсон қадри ва ҳуқуқларининг таъминланишига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказган учрашувида ҳам айнан инсон қадри ва ҳуқуқларининг таъминланишига қаратилган масалаларни илгари сурди.
Бош қомусимиз лойиҳасини ишлаб чиқишда биринчи йўналиш сифатида «Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи» белгиланди.
Конституцияда оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги, унинг давлат ва жамият муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга экани мустаҳкамлаб қўйилган. Унинг алоҳида бир боби оилага бағишланиб, унинг ижтимоий мақоми аниқ равшан белгилаб қўйилгани дунё давлатларининг бош қонунларида учрамайди, конституцияларида оилага бағишланган боб ва моддалар мавжуд эмас. Бу эса юртимизда оилага эътиборни, оила – жамиятнинг асосий бўғини, давлат тараққиётини белгилайдиган келажак авлодни тайёрлаб берувчи маскан эканлигини ифодалайди.
Хусусан, Конституциямиз ёшларга оид муносабатларни ҳам аниқ ифодалаб берган. Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга эканлигини таъминловчи норма бутун Ўзбекистон ёшларининг таълим олиш эркинлигини кафолатлайди. Бош қомуснинг 41-моддасига қуйидагича ўзгартириш киритилиши кўзда тутилмоқда: “Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотларининг ривожлантирилишини таъминлайди”.
Лойиҳа юзасидан ўтказилган умумхалқ муҳокамасига келиб тушган таклифлар асосида қонун лойиҳасига яна бир қанча янги нормалар киритилиши назарда тутилган. Хусусан, Конституциянинг 26-моддасига “Шахснинг ўз айбини тан олиши унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас”, деган банд қўшилиши кўзда тутилмоқда.
Ёки 37-1-моддасига “Давлат фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш чораларини кўради. Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш учун уларнинг касбий тайёргарлиги ҳамда қайта тайёрланишини ташкил этади ва рағбатлантиради”.
Давлат ва жамият ҳаётида Ватан ягона, байроғимиз битта, гербимиз битта, мадҳиямиз битта бўлгани сингари Конституциямиз ҳам биттадир. Буларнинг ҳар бири ўз тимсолида она Ватанимиз, халқимизнинг эзгу-мақсадларини ўзида акс эттиради. Шу маънода Конституциямиз ҳар бир фуқаро учун байроғимиз, гербимиз, мадҳиямиз каби муқаддасдир.
Бош қомусимизга киритилаётган ўзгаришлардан мақсад ва вазифаларига эътибор берилса, унинг муқаддимасида мамлакатимиз фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиш, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш учун Конституция қабул қилинганлиги қайд этилган. Яъни, Бош қомусимининг асосий моҳияти инсонга муносиб турмуш шароити яратиш, уни бахтли қилишдан иборат.
Яна муҳим ҳамда халқаро экспертлар томонидан эътироф этиладиган хусусият – бу Конституциянинг “Ўзбекистон халқи” деб бошланишидир. Бундай жумлалар бошқа қонунларда учрамайди. Бунинг ўзи ҳам халқ ҳокимиятчилигининг ёрқин далолати.
Конституциянинг яна бир энг муҳим хусусияти – бу халқ суверенитети эътироф этилганлигидир. Асосий қонуннинг 7-моддасида асосан халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи экани муҳрланган.
ЎзА