
Ривожланган жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, тенгликни таъминлаш устувор ҳисобланиб, ҳеч кимни камситишга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикасида жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари давлат томонидан қатъий муҳофазага олинмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Биз учун ногиронлиги бўлган инсонларни ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларига жалб этиш устувор йўналиш ҳисобланади”, деган сўзлари имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминланиши давлат муҳофазасида эканлигини тасдиқлайди.
2021 йил 7 июнда Ўзбекистон БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилингани ҳам ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилинишида яна бир муҳим қадам бўлди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича алоҳида моддалар киритилиб, уларнинг ҳуқуқлари давлат муҳофазасида эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Хусусан, меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлиши мустаҳкамланган.
Давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг турмуш сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўради.
Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратади. Уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашади, зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлайди.
Ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотлари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади. Жамоат бирлашмаларини тарқатиб юбориш, уларнинг фаолиятини тақиқлаб ёки чеклаб қўйиш фақат суд қарори асосида амалга оширилиши кўрсатилган.
Юқорида кўрсатиб ўтилган меъёрлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида қайд этилган бўлсада, янги таҳрирдаги Конституцияда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган моддаларнинг киритилганлиги ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилинишида янада мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган самарали ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2020 йилда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун, 2023 йил 27 февралда "Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2023 йилда муҳтож шахслар замонавий оёқ протез-ортопедия буюмлари билан, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган ва I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар сон протези, болдир протези ва оёқ камари ортопед аппаратлари билан бепул таъминланади.
2023 йил 1 сентябрдан ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминлашда тиббий хулоса талаб қилинмайди. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ғамхўрлик қилувчилар давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланади, мансабдор шахслар қабулига навбатсиз киради.
2023 йил 1 майдан шифохоналарда даволанаётган ногиронлиги бўлган болага ғамхўрлик қилаётган шахсларга боланинг ёнида бўлиш учун шароит яратилади. Мазкур давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва бепул овқат берилади.
Педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари болани ногиронлиги бўлган шахс деб топганда уларга пенсия тайинлашда қайтадан тиббий-ижтимоий экспертизага юбориш бекор қилинади.
“Юридик ёрдам” ахборот тизимида ногиронлиги бўлган шахсларга бепул ҳуқуқий ёрдам бериш учун алоҳида мурожаат бўлими яратилади.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, янги Конституцияда кўзда тутилган моддалар ҳар бир инсон, унинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминланишида дастуриламал бўлиб, жамиятнинг фаровон ҳаёти, давлатимизнинг тадрижий тараққий этишига хизмат қилади.
Биз буни 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида фаол қатнашиш орқали тасдиқланишига ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Ҳамидулло Мўминов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
“Инсон ҳуқуқлари уйи” масъул ходими.