Конституция: хусусий мулк суд ҳимоясида бўлади
Хусусий мулк кафолатисиз давлатда ижтимоий муносабатларни ривожлантириш, халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишнинг имкони йўқ.
Янгиланаётган Конституцияда бу йўналишда қандай янги меъёрлар белгиланмоқда?
Бу саволга Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими, эксперт Сардоржон Маманов жавоб берди:
– Тадбиркорлар учун яратилаётган қулай имкониятлар туфайли кейинги 6 йилда тадбиркорлик субъектлари сони 6 баробар кўпайиб, бугунги кунда 2 миллионга етди. Даромади 1 миллион доллардан ошган тадбиркорлар сони 26 минг нафарга, 220 нафар тадбиркорнинг даромади эса 100 миллион долларга етди.
Шу билан бирга, хусусий мулкни ҳимоя қилиш соҳасидаги амалга оширилган ислоҳотлар ва кўрилаётган чораларга қарамасдан хусусий мулк дахлсизлиги билан боғлиқ муаммо ва низолар мавжуд эди.
Хусусан, давлат органи мансабдор шахсининг ноқонуний қарорлар асосида хусусий мулк ҳисобланган ерларни «снос» шаклида олиб қўйилиши, адолатли товон пулини бермаслик, ёхуд ўзбошимчалик билан хусусий мулк ҳуқуқини поймол қилиш, айрим мансабдор шахсларнинг адолатсиз ва асоссиз важлар билан кўчмас мол-мулкни бузиш ҳолатларини мисол қилиб келтириш мумкин.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 65-моддасида «Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас»лиги ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда. Бу эса хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишда суд кафолатини конституциявий даражада мустаҳкамланишини англатади.
Суд кафолати хусусий мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи суд қарорисиз маҳрум этилишига йўл қўйилмаслигини англатади. Бу кафолат хусусий мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи мулкдорнинг эрки-хоҳишидан қатъий назар, мажбурий тарзда бекор бўлаётганда қўлланилиши назарда тутилган. Бунда суд томонидан мулк ҳуқуқини бекор бўлишига сабаб бўлувчи ҳолатлар амалдаги қонун ҳужжатлари асосида объектив тарзда кўриб чиқилади. Албатта, мазкур тартиб мулкдор ҳар қандай ҳолатда ҳам асоссиз равишда хусусий мулкдан маҳрум этилмаслигини кафолатлайди.
Айтиш лозимки, жамиятдаги иқтисодий-ижтимоий муносабатларнинг барқарорлиги нафақат маълум бир соҳадаги қонунчиликнинг мукаммаллик даражасига, балки энг муҳим иқтисодий ҳуқуқларнинг, мулк ҳуқуқи дахлсизлигининг конституциявий кафолатларининг қанчалик самарали бўлишига боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан, мазкур норма эндиликда мулкдор манфаатларининг устуворлиги тамойилининг тўлақонли таъминланиши – давлатимиз сиёсатининг энг устувор вазифасига айланишини англатади.
Киритилаётган қўшимча билан ҳеч бир шахс ўз мол-мулкидан суднинг қарорисиз маҳрум этилиши мумкин эмаслиги белгиланиши ўта муҳим аҳамият касб этиб, мулкдор ҳуқуқлари ҳимоясини сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Мамлакатимиз суд тизимини халқимизга янада яқинлаштириш, фуқароларимизнинг ҳуқуқи ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш мақсадида унинг фаолиятини соддалаштириш, очиқлик ва шаффофлик тамойилларини кенг жорий этиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар натижаси ўлароқ мулк эгаларининг бузилган ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя имкониятини ҳам кенгайтиради.
Мажбурий равишда мулкидан маҳрум этилиши устидан бундай тарзда суд назоратининг ўрнатилиши мулкнинг дахлсизлиги принципига риоя қилиш мақсадида белгиланган конституциявий кафолатларни таъминлайди.
Бу нормалар халқаро ҳужжатларда ҳам белгиланган бўлиб, масалан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 17-моддасида «Ҳеч ким зўравонлик билан ўз мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмас»лиги белгиланган.
Шунингдек, хусусий мулк дахлсизлиги ҳамда ундан суд қарорисиз маҳрум этилиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги нормалар Франция, Германия, Дания, Индонезия, Грузия каби давлатлар конституцияларида акс эттирилган.
Деярли барча ривожланган давлатларда хусусий мулк ҳуқуқи суд ҳимоясига олинган. Бу, авваламбор, одил судлов институтига бўлган ишонч, унинг холислиги, мустақиллиги ва эркинлиги билан боғлиқ.
Суд ҳимояси мулк ҳуқуқининг асоссиз, қонунга хилоф равишда чекланишининг олдини олади ва хусусий мулкнинг ишончли ҳимоясини таъминлайди. Ўз навбатида, бу хусусий мулк дахлсизлиги кучайишига ва Ўзбекистоннинг Иқтисодий эркинлик индексидаги (Economic Freedom Index) «Мулкчилик ҳуқуқи» йўналиши бўйича эгаллаган ўринларининг яхшиланишига ижобий таъсир қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА