Конституция: халқ манфаатлари бош мезон
Ватанимиз ва халқимиз ҳаётида тарихий ўзгаришлар рўй бераётган бугунги кунда Бахтимиз Қомуси – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигини алоҳида мамнуният билан кутиб олмоқдамиз. Бу бежиз эмас, албатта.
“Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган ҳаётбахш тамойил кундалик фаолиятимиз ва турмушимизга тақдим этилмоқда. Маълум маънода бу жараён Конституциямизда амалдаги Қонунлар билан ифодалаб берилган халқимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кўлами кенг ишларнинг мантиқий ва узлуксиз бардавомлигидир.
Конституциявий ислоҳотлар жараёнлари билан уйғунлик ва ҳамоҳанглик ҳеч шубҳасиз, OʼzLiDeP барча бўғинлари фаолиятида ҳам акс этиб турганини англаб олиш қийин эмас. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ватанимиз ва унинг кейинги тараққиётига бефарқ бўлмаган барча ҳамюртларимиз сингари сиёсий онги ва тафаккури давр билан ҳамқадам ва ҳамнафас бўлган партиядошларимиз ва хайрихоҳларимиз томонидан Конституциявий Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича том маънода асослантирилган минглаб таклифлар билдирилди. Бу ҳеч муболағасиз, бухоролик OʼzLiDeP фаолларининг янги Қонунни қабул қилишга қўшадиган салмоқли ҳиссалари бўлиб ҳисобланади. Ҳаётимиздаги туб ўзгаришлар силсиласида, шу жумладан сиёсий майдонда партиямизнинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари масъулларининг ҳам ўз ўрни ва обрў-эътибори борлиги қувонарлидир. Бу барчамизга чексиз ғурур ва фахр-ифтихор бағишлайди. Зотан, бу озод ва мустақил юрт барчамизники, унинг бугуни ва эртаси учун барчамиз масъулмиз.
Шу фараҳбахш кунларда Конституциямиз қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан барча юртдошларимизни самимий табриклаб, ўзимнинг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Бобомурод Очилов,
OʼzLiDeP Бухоро вилояти Кенгаши раиси
биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари,
Халқ депутатлар вилоят Кенгаши депутати.
ЎзА