Конституция тарғиботига бағишланди
Жиззах вилоятида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этишга бағишланган ўқув семинарлари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони ҳамда янги таҳрирдаги Бош қомусимиздан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар дастурининг ижроси борасида атрофлича маълумот берилди.

Семинарда асосий қонунимизда белгиланган конституциявий нормаларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш барча соҳаларда “инсон қадри”нинг том маънода юксалишига, давлат ва жамият ҳаётини “инсон – жамият – давлат” деган тизимга асосланган ҳолда янги ва замонавий тарзда бошқариш имконини бериши алоҳида таъкидланди.
Янги таҳрирдаги Конституциямиз ижросини тўлиқ таъминлаш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси бўлиб, шу мақсадда белгиланган чора-тадбирлар дастурига кўра, давлат фуқаролик хизмати ҳамда суд-ҳуқуқ тизими ходимларининг янги конституциявий талабларга риоя этиш борасидаги билим ва малакасини ошириш учун уч босқичли дастур ишлаб чиқилди. Бундан кўзланган асосий мақсад – бошқарувда конституциявий нормаларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш, уларни давлат хизматчисининг ҳар кунлик фаолиятига татбиқ этиш, пировардида “инсон қадри” тамойили асосида халққа хизмат кўрсатишнинг сифат даражасини оширишга эришишдан иборат.

Семинар дастурига мувофиқ давлат хизматчиларига 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш йўли орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Бош қомусимиз ижросини сўзсиз таъминлаш юзасидан вазирлик ва идораларда амалга оширилаётган биринчи навбатдаги устувор вазифалар, Конституциянинг асосий принциплари, инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари ҳамда жамият ва шахс масалалари давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши ҳамда сайлов тизимидаги фундаментал вазифалар тўғрисидаги муҳим йўналишдаги маъруза ва тақдимотлар амалга оширилди.
– Дастурнинг биринчи босқичида – Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси мазмун-моҳиятини барча бўғиндаги давлат фуқаролик хизматчилари ва суд-ҳуқуқ тизими ходимларига тушунтириш юзасидан алоҳида график асосида жорий йил июль-декабрь ойлари давомида ўқув-семинарлари ўтказиб борилмоқда. Якунига етган биринчи босқичдаги ўқув-семинарни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича 36 нафар тажрибали ҳуқуқшунос (сиёсатшунос)дан иборат экспертлар гуруҳи шакллантирилган. Жиззахда вилоят, шаҳар ва туманларидан жами 1 минг 143 нафар давлат хизматчилари ушбу ўқув-семинарларда иштирок этиши кўзда тутилган, – дейди Тошкент давлат юридик университети Экология ҳуқуқи кафедраси профессори Олим Нарзуллаев. – Ўқув-семинарнинг иккинчи ва учинчи босқичларида – Адлия вазирлиги “kurslar.huquqiyportal.uz” платфор¬масида давлат фуқаролик хизматчилари учун “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси” номли онлайн ўқув-курси жорий этилса, учинчи босқичида – давлат фуқаролик хизматчилари ва суд-ҳуқуқ тизими ходимларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш курсларида Янги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бўйича ўқувлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, ушбу ўқув-семинарларда барча бўғинларда фаолият юритаётган давлат хизматчиларни қамраб олиш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳамда жамоатчилик вакилларини ҳам иштирок этиши режалаштирилган.
– Жиззах шаҳрида якунланган ушбу ўқув-семинар давомида иштирокчилар янги таҳрирдаги Конституциямизнинг ижросини сўзсиз таъминлаш юзасидан, Бош қомусимизнинг асосий принциплари, инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари, бурчлари ҳамда жамият ва шахс масалалари, шунингдек, амалга ошириладиган биринчи навбатдаги устувор вазифалар тўғрисида Тошкент давлат юридик университети Экология ҳуқуқи кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамда Жиззах вилояти адлия бошқармаси маслаҳатчиларининг маърузаларини катта қизиқиш билан тингладилар, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали раҳбари Эркин Холбўтаев. – Барча бўғиндаги давлат хизматчилари учун ташкил этилаётган худди шундай ўқув семинарлари жорий йилнинг 27 сентябрига қадар белгиланган жадвал асосида вилоятимизнинг барча туманларида ўтказилади.
Тадбир давомида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олди. Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев иштирок этди.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА