Жорий йилда Конституциямизнинг қабул қилинганига 32 йил тўлиши кенг нишонланади. Бу байрам ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз қувонч, фахр-ифтихор бағишлайди. Боиси, бизнинг ҳуқуқ ва бурчларимиз айнан Бош қомусимиз орқали ифодаланади.
Мустақил давлатда ички ва ташқи сиёсат, демократия, инсон ҳуқуқлари кафолати, адолат таъминланиши, биринчи галда давлатнинг Асосий қонуни – Конституциясининг мавжудлиги билан боғлиқдир. Шу боис, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Натижада давлат қурилиши жабҳаларидаги муносабатлар, миллий қонунчилигимиз барча соҳаларини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий механизм яратилди.
Бош қомусимизда, айниқса, инсон омили юксак даражага кўтарилган. Яъни унда ҳар бир шахснинг яшаш ҳуқуқи, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи белгиланган. Ҳеч бир фуқаро қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги аниқ баён этилган. Бу йўл билан Ўзбекистон Республикасида фуқаролар ҳаёти ва уларнинг эркин нафас олиш ҳамда сўз эркинликлари асосий ўринда туриши яққол белгилаб қўйилди.
Қолаверса, сўз ва эътиқод эркинлиги, ахборот излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқи, фикр юритиш ва уни ифода этиш, виждон эркинлиги каби ўнлаб ҳуқуқларимиз Конституцияда шахсий ҳуқуқий эркинликлар сифатида мустаҳкамлаб қўйилган. Буни 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.
– Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 29-моддасида шахснинг бурчларига оид нормалар мавжуд, – дейди ТДШУ доценти, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори А.Примов. – Биринчидан, ҳар бир инсон жамият олдида бурчлидир, фақат шу ҳолатдагина унинг шахси эркин ва тўлиқ камол топиши мумкин. Иккинчидан, ҳар бир инсон ўз ҳуқуқи ва эркинликларидан фойдаланишда ўзгаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини демократик жамиятда етарли даражада бўлиши ҳамда ҳурмат қилинишига риоя қилиш, ахлоқ, жамоат тартиби, умумфаровонликнинг одилона талабларини қондириш мақсадида қонунда белгиланган чекланишларга риоя қилиши керак. Учинчидан, ушбу ҳуқуқ ва эркинликларни амалга ошириш БМТ нинг мақсад ва қоидаларига зид бўлмаслиги керак.
Конституциямизнинг 11-бобига кўра, фуқаролар қуйидаги бурчларга эга:
• Конституция ва қонунларга риоя қилиш, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш;
• Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини асраб-авайлаш;
• атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш;
• қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлаш;
• Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш.
Конституциямизда фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари кафолатлангани уларнинг ўз қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш, жамият ва давлат ишларида иштирок этишда сиёсий фаоллигини таъминлашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, меҳнат қобилиятини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий ёрдам олиш, бепул малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Бу, албатта, юртимизда фуқароларга ғамхўрлик қилиш, одамлар саломатлигини мустаҳкамлаш, бир сўз билан айтганда, ҳар бир шахс учун қайғуриш ҳукумат эътиборида эканини англатади. Буларнинг барчаси амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида халқ манфаатларини намоён этишнинг асосидир.
Ўз навбатида, фуқаролар ҳам юрт тақдирига бефарқ бўлмасдан, жамият ривожига ҳисса қўшиши Бош қомусимизга бўлган ҳурматни англатади. Конституцияга ҳурмат эса Ватанга садоқатни билдиради. Бу жамият ҳаётининг мезони бўлган Конституцияни ҳар томонлама чуқур ўрганиб, маъносини тўла англаб, уни ҳаётимизга доимий дастуриамал қилиб олишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Конституциямиздаги қоидаларга амал қилишимиз Ватанга садоқатимизнинг асосий ва зарур бўлган белгиларидандир.
Барча яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш, уларга оғишмай риоя қилиш бурчимиздир. Осмони мусаффо, тинч ва обод, мустақил диёрда яшаётганимизнинг ўзи катта бахт.
Шундай юртга садоқат билан меҳнат қилиш, унинг гуллаб-яшнаши учун ҳисса қўшиш зарур. Берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда порлоқ келажак яратиб, Ўзбекистоннинг шуҳрати бутун дунё бўйлаб кенг ёйилиши учун меҳнат қилишимиз, доимо олдинга интилишимиз зарур.
Бизларга кўрсатилаётган катта эътибор ва ғамхўрлик учун муносиб жавоб қайтаришимиз даркор.
Нодира АБДУСАТТОРОВА,
Тошкент давлат шарқшунослик университети
Халқаро журналистика йўналишининг 4-босқич талабаси
ЎзА