Бугунги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга ошираётган барча ислоҳотларда қонун устуворлигини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Албатта, мазкур айём ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда, мамлакатимиз ривожида алоҳида маъно-мазмунга эга. Бу, энг аввало, 2023 йил 30 апрелда миллий тарихимизда биринчи марта умумхалқ референдуми асосида Конституциямиз янги таҳрирда қабул қилингани билан боғлиқ, десак, янглишмаган бўламиз. Ҳеч шубҳасиз, халқчил қомус бўлган Асосий қонунимиз Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ортга қайтмаслигининг, қонунлар устуворлигининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилади. Чунончи, қонун ҳукмрон бўлган жамиятда албатта адолат, сиёсий-ижтимоий барқарорлик, иқтисодий ўсиш ва юксалиш бўлади, инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланади.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди Мамлакатимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституциямизни ёқлаб овоз бергани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди, шу билан бир қаторда, Бош қомусимизда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганини ифода этади. Янги таҳрирдаги Конституция 7-моддаси биринчи бандида «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи», деган норма белгилаб қўйилган. Бу норма тимсолида Ўзбекистон Республикасида жаҳон миқёсида умумэътироф этилган халқ ҳокимиятчилиги принципи, яъни халқ суверенитетнинг ташувчиси ва давлат ҳокимиятининг ягона манбаи эканини англатувчи тамойил мустаҳкамлаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда Янги Ўзбекистон — инсон шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари олий қадрият ҳисобланган давлат бўлиши, халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши, «одамлар ташвиши билан яшаш», барча муҳим қарорлар аҳоли иштирокида, фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашув асосида қабул қилиниши каби принцип ва ғояларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Демократиянинг талабу таомили ва устунлиги ҳам шунда. Бунда қонун чиқарувчи ва ижро органларидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламент ва сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш; ҳокимият тармоқларини тийиб туриш ва мувозанатни сақлашда парламент ролини ошириш; давлат хизматлари сифати ва самарадорлигини яхшилаш, давлат органлари фаолиятининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда парламент ва жамоатчилик назорати механизмларини амалга татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Шу маънода, жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтган парламент ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловларни халқимизнинг хоҳиш-иродасини ифода этган саёсий танлов сифатида баҳолаш мумкин. Зеро, мамлакатимиз Конституциясининг 128-моддасида ҳам фуқаролар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга экани белгиланган. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланган. Бу муҳим воқеа “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида, ривожланган ижтимоий-сиёсий муҳитда, бешта сиёсий партиянинг тенг рақобат кураши остида ўтди. Ўзбекистон тарихида илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилди. Депутатларнинг 75 нафари бевосита мажоритар тизим асосида, яъни сайловчилар ўзларига мақбул номзодларга овоз бериши йўли билан, қолган 75 нафари эса пропорционал тизим бўйича сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланишди. Сайлов қонунчилиги илғор демократик стандартларга мос равишда тубдан такомиллаштирилди. Сайловга 2023 йил 18 декабрь куни қабул қилинган конституциявий қонун –Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ва “Референдум тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича конституциявий қонун асосида тайёргарлик кўрилди.
Бу галги сайловнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда 2023 йил умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ, аҳолининг айрим гуруҳлари учун сайлов ҳуқуқларини чеклаш бекор қилинди. Бу халқаро стандартларга тўлиқ мос келади. Бундан ташқари, қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларга кўра сенаторлар сони 100 тадан 65 тага қисқартирилди ва ҳукумат фаолияти устидан парламент назоратининг янги механизмлари жорий этилди.
Сайлов тизимини ислоҳ қилиш бўйича қонунчилик жараёни расмий равишда жамоатчилик маслаҳатини ўз ичига олган бўлиб, бу фуқароларга ўз таклифларини билдириш имконини берди. Бу эса Конституция асосида инсоннинг сиёсий ва бошқа ҳуқуқ ҳамда эркинликларини амалга ошириши, давлат органларининг демократик асосда шаклланишини таъминлаш, жамиятнинг демократик сиёсий тизимини шакллантиришга кўмаклашиш ҳамда демократик институтлар, фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш учун қулай шарт-шароит яратиш кафолати ҳисобланади.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистоннинг беш устуни, яъни суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди, унинг мазмуни тубдан такомиллаштирилиб, янги боб ва моддалар билан бойитилди. Ўзбекистон Конституциясига “дунёвий ва ижтимоий давлат” таърифи киритилди, ўзбек халқининг фаровон келажагини таъминлашга қаратилган эркин бозор иқтисодининг асослари мустаҳкамланди, Президентнинг айрим ваколатларини Парламентга тақдим этиш орқали демократлашув жараёни жадаллаштирилди, интеллектуал мулкдан тортиб инклюзив таълимгача бўлган муҳим ҳуқуқлар кафолатланди. Ушбу конституциявий референдум билан халқ ва давлат ўртасидаги “Ижтимоий келишув” янгиланди ва янада мустаҳкамланди. Янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилиш учун аҳолининг 90 фоиздан зиёди овоз бериши халқимиз Президентга ишонаётганидан, мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатни қўллаб-қувватлаётганидан, давлатимизнинг ижтимоий ва қонунчилик сиёсати изчил давом этишига чин дилдан умид қилаётганидан, энг муҳими, халқимизнинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқараши нақадар юксалганидан далолатдир.
Бугунги Ўзбекистон маррани жуда баланд олгани ҳеч кимга сир эмас. Чунки глобаллашув жараёнининг шиддати, жаҳонда содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларнинг ривожланиш эволюцияси шуни тақозо этмоқда. Ҳар бир соат, ҳар бир кундан самарали, унумли фойдаланиш сув ва ҳаводек зарур. Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман, юрт ва халқнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан бошланган ўзгаришлар шабодаси халқимизга чинакам эрк берди, унинг қадрини юксакка кўтарди. Халқимиз буни қалбидан ҳис қилиб турибди. Шунга яраша халқимизнинг дунёқараши ҳам ўзгарди. Ҳар қандай ислоҳотлар ё давлат тизимини ўзгартириш йўлидан ёки халқ ҳаётини янгилаш ё иқтисодиётга қаратилганлиги билан кечишига кўп бора гувоҳ бўлганмиз, лекин Ўзбекистонда 2016 йилдан бошланган ислоҳотлар бутунлай бошқача қиёфа касб этди. Ислоҳотлар марказида инсон турганлиги қолган барча янгиланишлар мана шу инсоннинг атрофида кечганлиги бутун дунё учун янгилик бўлди, деб айтишга тўла асослар бор. Шунинг учун ҳам ислоҳотлар негизида намоён бўлган инсон нафақат ҳаёти ўзгаришини, балки бутун тафаккури янгиланишини, ўз ҳуқуқларини конституция таъминлашини исташи табиий.
Биз шундай даврларни бошдан кечирдикки, инсон қадри бутунлай топталди. Инсоннинг ҳаёти, тақдири, кимларнидир хоҳиш-истаги билан бошқарилди. Дахлсиз ҳуқуқлар ҳақида гапирилар, ёзилар, лекин амал қилинмас эди. Конституцияни, унинг асосида қабул қилинган қонунларни исталганча талқин қилиш мумкин эди. Инсон ҳаёти ва унинг қадри борасида жуда ортда қолиб кетгандик. Давлат қудрати унинг табиий бойликлари билан ҳарбий кучи, иқтисодий имкониятлари билан ўлчанадиган замонлар аллақачон ўтиб кетган. Бугун халқнинг энг аввало, турмуш даражаси, ҳуқуқлари, интеллекти, дунёқараши, тафаккур оламига қараб баҳо бериш урфга айланди. Инсон тафаккури, инсоннинг ҳаётдан розилик даражаси, унинг ҳақ-ҳуқуқларини сўзсиз таъминланиши бу ҳар қандай давлат қудратидан муҳимроқдир. Бугун Ўзбекистон тутган йўл инсонни қадрлашга, инсонни яхши кўришга, инсонни рози қилишга, қаратилганлиги билан ҳам бутун дунёни ҳайратга солмоқда. Конституцияни янгилаш эҳтиёжи ҳам шу талаблардан келиб чиқди. Ўзбекистонда аввало, инсон қадри биринчи ўринга кўтарилди. Шунинг учун бугун Ўзбекистоннинг янгиланаётган конституциясига «Инсон – жамият – давлат» тамойили киритилаётганлиги бежиз эмас. Инсон тафаккурининг маҳсули ҳеч қачон инсондан олдин ёки юқори туриши мантиққа зид. Биз янгиланаётган конституциямизда инсонни жамият ва давлатдан устун қўяяпмиз. Бир сўз билан айтганда, биз ижтимоий давлат қуриш сари йўл олаяпмиз. Конституцияда ҳам бу масала муҳрланди. Ижтимоий давлатда ҳар бир инсон учун муносиб яшаш шароитлари кафолатланади. Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди. Бир инсон муаммоси бутун жамиятнинг муаммоси, деб қаралади. Инсонлар ўз ташвиш ва қийинчиликлари билан ёлғиз қолдирилмайди. Прокуратура органлари ходимлари Асосий Қонунимизда мустаҳкамланган нормалар асосида ҳар бир фуқарога ғамхўрлик қилиш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатлами учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, ижтимоий - иқтисодий соҳага оид қонунлар, Президент қарорлари ижросини таъминлаш борасида асосий эътибор аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, муҳтож оилалар, ёшлар ва хотин - қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига қаратилди. Биргина прокурорлар секторларидаги “Темир дафтар”га киритилган 163мингдан зиёд оилаларга ҳар томонлама кўмак берилди, жумладан, уларнинг 175 минг нафар ишсиз аъзоларининг ишга жойлаштирилиши, 245 та оилага янги уй-жойлар қуриб берилиши, 300 дан ортиғининг турар - жойлари таъмирланиши таъминланди. Кўрилган чоралар натижасида “Темир дафтар”га киритилган оилалардан 156 012 таси ёки 95 фоизи Халқ депутатлари маҳаллий
кенгашларининг қарори асосида рўйхатдан чиқарилди. Прокурорлар кўмаги билан 50 минг нафар хотин-қизлар ишга жойлаштирилди. Шу каби, 36 минг нафар ёшлар иш билан таъминланди, 7 058 нафар ёш касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиш курсларига жалб этилди.
Минг афсуски, яқин тарихимизда бундай хайрли ишларга қўл урилмади. Одамлар дарду ўйи бидан ҳеч кимнинг иши бўлмади. Муаммоларни кўриб-кўрмасликка, билиб-билмасликка олинди. Кейинги саккиз йилда Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йигирма беш йилида қилинмаган қанчадан-қанча уй-жойлар барпо этилди. Одамлар биринчи марта ўзларининг ҳаёти, яшаш шароити, давлат учун муҳимлигига ишонч ҳосил қилди. Шу ўринда бир масалага эътиборни қаратмоқчиман. Янгиланган Конституциямизда давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари 3 баробар кўпайтирилди. Бу рақамни айтиш осон, лекин уни амалда таъминлашнинг ўзи бўлмайди. Бунга Президентимиз ибораси билан айтганда, давлат бюджетидан ҳар йили қўшимча 30-40 триллион сўм ажратиш керак бўлади. Мамлакатимизда “Қонун – устувор, жиноятга жазо муқаррар” деган эзгу тамойил асосида қонунийликни таъминлаш борасидаги ишларда прокуратура ходимлари жонбозлик кўрсатиши лозим, деб ўйлайман. Халқимизнинг оғирини енгил қилиш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликка қарши курашишга қаратилган дастурлар ижросини изчил ташкил этиш, атроф-муҳит, табиий бойликлар ва маданий меросимизни кўз қорачиғидек асраш, тиббиёт, таълим каби соҳалардаги ислоҳотларни давом эттириш ва бу борада қонун бузилишига муросасиз бўлиш – прокуратура ходимларининг конституциявий бурчи ва энг асосий вазифасидир.
Дарҳақиқат, янгиланган Конституцияда жуда муҳим ижтимоий масалалар ўз аксини топган. Жумладан, қомусимизда алоҳида модда сифатида киритилган таълим соҳаси жамиятимиздаги энг долзарб, ислоҳотлар талаб этадиган йўналишлардан бири ҳисобланади. Биринчи навбатда ўқитувчилар мақомини кўтариш, уларнинг қадр-қимматини юксакка олиб чиқиш Конституцияда ифодасини топди. Устоз-мураббийлар қадрланган давлатда, биринчи ўринда, ёш авлодни етук кадр, халқ хизматчиси қилиб тарбиялашга замин яратилади. Ўқитувчилар вазифаси баркамол авлодни тарбиялаш билан бирга, миллий қадриятларимиз, анъанларимизни авлоддан-авлодга олиб ўтувчи мутахассислар тайёрлаш. Шу боис, уларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги қонун билан мустаҳкамланди.
Янгиланган Конституция Янги Ўзбекистон равнақининг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилган ва бу жаҳон тажрибасига мос табиий жараёндир. Бир ҳақиқатни чуқурроқ билишимиз, англашимиз шарт. Конституцион ислоҳотлар замирида аввало, юртдошларимизга муносиб ҳаёт даражасини яратиш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиш, ўлим жазосини тақиқлаш, хусусий мулк ҳуқуқини кафолатлаш, қийноққа солишларни олдини олиш, суд қарорисиз мажбурий ушлаб туришга барҳам бериш, тазйиқлар, таҳқирларга чек қўйиш, тадбиркорликка ғов бўладиган ҳар қандай иллатлар билан муроса қилмаслик каби инсонпарвар мақсадлар мужассамлашган. Шу маънода, иқтисодий соҳада назорат фаолиятини амалга оширишда асосий эътибор иқтисодиёт тармоқларининг барқарорлигини сақлашга, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир вазифалар ижросига қаратиляпти. Олайлик, ўтган вақт мобайнида 3 366 нафар тадбиркорга 537,5 млрд. сўмлик кредит, 317 нафарига 79,3 гектар ер майдони, 80 нафарига бино, 551 нафарига лицензия ва рухсатнома берилишида, 4 938 нафарига коммуникация тизимларига уланишида, 5 958 нафарига бошқа муаммоларининг ҳал этилишида прокуратура органлари томонидан амалий ёрдам кўрсатилди. Прокуратура органлари кўмаги билан 4 293 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди, 5 701 та субъектнинг фаолияти тикланди, 14 299 та янги иш ўринлари яратилиши таъминланди. Мисол учун, прокуратура кўмаги билан Булунғурда 100 млн. долларлик мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошираётган “Metin Business Fruits” МЧЖга 3,5 млрд. сўм кредит ажратилиши таъминланди. Натижада, лойиҳа бўйича олиб борилаётган ишлар, шу жумладан, янги дастгоҳларни ўрнатиш ишлари янада жадаллаштирилиб, 127 млн. доллар тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди ҳамда 100 га яқин маҳаллий аҳоли иш билан таъминланди. Кредит маблағлари талон-тарож қилинишининг олдини олиш, муаммога айланган кредит қарздорликларининг қайтарилишини таъминлаш ишлари устидан назорат янада кучайтирилди. Амалга оширилган тадбирлар натижасида жами 17,5 трлн. сўмлик ёки 66 фоиз муаммоли кредитлар қисқартирилди. Прокуратура органларининг аралашуви билан қарздорликларнинг 8,5 трлн. сўми амалда ундирилди, 7 трлн. сўмлик кредитлар бўйича гаровдаги мулкларнинг сотувга чиқарилиши таъминланди, 1,2 трлн. сўмлик ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қарздорларнинг иш ҳақига қаратилди.
Янгиланган Конституциямизнинг биринчи моддасида Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат деб, қатъий белгилаб қўйилгани тарихий аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан Асосий қонунда муҳрланган бу принциплар – мамлакатимизнинг тараққиёт йўли ва тақдирини, унинг келажагини белгилаб берган ушбу “бешта устун” ҳеч қачон ўзгартирилмайди. Зеро, бу тамойиллар фақат ва фақат халқимиз, Ватанимиз манфаатларини ҳимоя қилишни, тенгсиз ва буюк неъмат – мустақиллигимизни асраб-авайлаш, уни янада мустаҳкамлаш ва келгуси авлодларга мерос қилиб қолдиришни кўзлайди. Гапиришга осон. Истиқлолдни асраб-авайлаш, тинчлик ва барқарорликни асраб қолиш ҳақида. Бунинг учун машаққатли меҳнат, тер тўкиш керак бўлдади. Давлатимиз раҳбари бу борада қатор вазифаларга тўхталиб ўтди. Биринчидан, миллий хавфсизликни таъминлаш, Қуролли Кучлар жанговар салоҳиятини оширишга қаратилган ишлар янги босқичга олиб чиқилади. Иккинчидан, “хавфсиз шаҳар”, “хавфсиз маҳалла”, “хавфсиз кўча” концепциялари жадал амалга оширилади. Учинчидан, тотувлик, миллатлараро дўстлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш учун бор куч ва имкониятлар сафарбар этилади. Негаки, айнан миллатлараро тотувлик 130 дан зиёд миллат ва элатлар истиқомат қиладиган Ўзбекистонимизнинг энг катта бойлиги. Тўртинчидан, дунёдаги ҳозирги мураккаб вазиятда Ўзбекистон тинчликсевар ташқи сиёсатни давом эттириб, узоқ ва яқин давлатлар билан дўстлик алоқаларини, барча соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириб бораверади. Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллиги ва суверенитетини таъминлаш мақсадида фақат миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда бундан буён ҳам ўзи танлаган мустақил тараққиёт йўлида ташқи сиёсатини қатъий давом эттиради.
Конституциямизнинг мамлакаитмиз ҳудудида таъминланишига эришиш, қонун устуворлигини таъминлаш, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини, жамиятда жиноятлар кўдамини кенгайтириш прокуратура органлари зиммасидаги устувор вазифалардан. Шулардан келиб чиқиб, яширин иқтисодиётни қисқартириш ҳамда коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Жорий йил январь-июнь ойларида яширин иқтисодиётни қисқартириш ҳисобига 15,7 трлн сўм қўшимча манба аниқланиб, 7,3 трлн сўм давлат бюджетига ундирилиши таъминланди. Иқтисодий жиноятлар, хуфиёна иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш бўйича кўрилган чоралар натижасида 4 957 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 1 123 та маъмурий ва 3 834 та жиноят
иши қўзғатилди.Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 1 085 та яширин цех фаолияти фош этилиб, 46,4 млрд. сўмлик товар - моддий бойликлар олиб қўйилди, валютанинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ 222 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 673 минг АҚШ доллари ва 7,7 млрд. сўм мусодара қилинди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш мақсадида қонунчилик ҳужжатларини тушунтириш ва иқтисодий ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича 30,6 мингта тадбир ташкил этилди. Тадбиркорлик билан ноқонуний шуғулланган 10 890 нафар шахснинг тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтиши таъминланди.
Виртуал ва Халқ қабулхоналаридан келиб тушган 89 595 та мурожаатдан 61 382 таси (68,5 %) ҳал қилинди. Мурожаатларни кўриб чиқишда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини амалда тиклашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада: ноқонуний ҳужжатларга 419 та протест келтирилди, 47 млрд.сўм зарарни ундириш ҳақида судларга 306 та ариза киритилди. 280 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 192 та жиноят иши қўзғатилди.
Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан шахсни қийноққа солиш ва қадр - қимматини камситиш ҳамда бошқа ғайриқонуний хатти - ҳаракатлар билан боғлиқ ҳолатлар содир этилишининг олдини олиш чоралари янада кучайтирилди. Жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимла-
рининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан келиб тушган 69 та ариза ва хабарларнинг барчаси бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилди.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасида тегишли идоралар билан биргаликда маҳаллий давлат ҳокимияти, соғлиқни сақлаш, спорт, олий таълим, қурилиш, камбағалликни қисқартириш ва бандлик тизимидаги ходимлар томонидан содир этилган жиноятлар, айниқса йўл қўйилаётган коррупциявий ҳолатларнинг сабаб ва шарт-шароитлари таҳлил қилиниб, тегишли вазирлик ва идораларнинг кенгайтирилган йиғилишларида уларнинг раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида танқидий муҳокама қилиниб, зарур чора-тадбирлар белгиланди. “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун ва уни амалиётга самарали жорий этиш чора-тадбирлари юзасидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида белгиланган талаблар ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Мақсад –Конституциямизда қатъий белгилаб қўйилганидек, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлигига эришиш, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зид келадиган ҳар қандай ҳаракатларга қарши курашиш, ҳеч шубҳасиз, энг долзарб вазифаларимиздан биридир.
Хуллас, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз олдида турган энг долзарб вазифаларга, Конституциянинг ҳар бир моддаси, ҳар бир банди бажарилиши лозимли ҳақидаги фикрларни ҳар биримизни янада масъулиятли бўлишга, юрт манфаати учун ҳалол ва виждонан ишлашга даъват этиши билан эътиборлидир. Чиқариладиган хулоса шундан иборатки, Ўзбекистон нафақат иқтисодий ислоҳотларни давом эттиради, балки жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш учун ҳам интилади. Зеро, Конституциямизда илк бор, Ўзбекистон Республикасига ҳуқуқий давлат деган таъриф берилгани бежиз эмас. Бу – авваламбор барча соҳада қонун устуворлиги таъминланади, дегани. Президентимиз қайд этганларидек, бундан буён, қонунлардаги ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлади. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш учун судларнинг одил ва мустақил иш юритишини албатта амалда таъминлашимиз зарур. Шу мақсадда, Асосий қонунимизда ҳеч ким суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланди. Эркинликни чеклашга фақат суд қарори асосида йўл қўйилиши ҳақидаги қоида мустаҳкамланди. Айбланувчига ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи биринчи марта алоҳида белгилаб қўйилди. Адвокатлар мақоми оширилиб, уларнинг терговчи ва прокурор билан тенг ваколатга эга экани қайд этилди. Албатта, Асосий қонунга киритилган бу илғор янгиликларни амалда жорий этиш осон бўлмайди. Бунинг учун юртдошларимизнинг ўзлари ҳам қонуний ҳуқуқлари учун курашишлари талаб этилади. “Қарс икки қўлдан чиқади”, деганларидек, терговчи, прокурор, судья, адвокатларнинг билим ва малакаси, маънавий дунёсини юксалтириш билан бирга, аҳолининг ҳам ҳуқуқий маданиятини ошириш, дунёқарашини ўзгартириш талаб этилади.
Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистоннинг Конституцияси мамлакатимизнинг янги бир ривожланиш даврини бошлаб беряпти. Қолаверса, Бош қомусимиз Учинчи Ренессанснинг пойдевори, десак муболаға бўлмайди. Бу, албатта, барчамиздан жуда катта масъулият ва талабчанликни, ўз ўрнида, жавобгарликни талаб қилади. Ушбу омил Конституцияни жамият ҳаётининг барча жабҳаларида тўғридан-тўғри ва бевосита қўллаш амалиётига ўтиш имконини берар экан, халқимиз Асосий қонуннинг ҳаётбахш кучи ва таъсирини ўз кундалик турмушида теран ҳис этаверади.
Тошпўлат Матибаев,
Адолат СДП Миробод туман Кенгаши раиси,
Халқ депутатлар Тошкент шаҳар Кенгаш депутати,
Социология фанлари доктори, профессор