Конституция борасида таклифим бор!
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, маҳалла раиси ижрочи эмас, ислоҳотчи бўлиши керак.
Маҳалла раислари қишлоқ хўжалиги ишларига оид ҳисоботлар юритиш, солиқ йиғимларини ундириш, аҳолига кўмир ва озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш, ноқонуний қурилишларни бузиш, тизимга алоқаси йўқ турли йиғилишларда қатнашишга мутлақо дахлдор эмас. Конституциянинг 14-боби оила деб номланади. Бу қомусимизнинг ўзига хос жиҳатларидан бири.
Бироқ оилаларни бирлаштириб турган маҳалла ва унинг ваколатлари ҳақида ҳам алоҳида боб қўшилиши адолатдан бўлади.
Қомусимизнинг XX – Вазирлар Маҳкамаси бобида маҳалла сайловига оид тартиблар киритилганини ҳисобга олмасак, бошқа бу масалага ёндашилмаган. Ваҳоланки, Президентимиз маҳалла раисларига катта ваколатлар берувчи ташаббусларни илгари сурди. Олти, етти йил олдинги маҳалла институти билан ҳозиргисининг катта фарқи бор. Шуларни инобатга олиб, маҳалла тизими фаолиятини ривожлантириш, уни одамларнинг дард-у ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яқиндан биладиган тузилмага айлантириш учун ҳуқуқий асосни бош қомусда мустаҳкамлаб қўйилиши мақсадга мувофиқдир.
Хусусан, «Маҳалла боби»ни шакллантиришда Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида илгари сурилган маҳалла тизимининг жамият ижтимоий-маънавий тараққиётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, соҳа фаолиятини чуқур ислоҳ этиш мақсадида бутунлай янги мезон — «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойили ҳамда «Маҳаллабай ишлаш тизими» манба қилиб олиниши ҳам мумкин.
Бу билан биз маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, оилалар ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга асос яратган бўламиз. Президентимиз томонидан илгари сурилган «Маҳалла раиси — ислоҳотчи» тамойили асосида ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизим жорий этилган экан, бу албатта давомли бўлиши шарт. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, бош қомусимизда «Маҳалла» боби бўлиши керак. Юртимиз тарихида ,"Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ҳамда "Ёшлар дафтари" билан ишлаш каби самараси тезкор, сезиларли ва халқни рози қила олган тизим биринчи марта жорий қилинди демак, бу ташаббус тарихда қолишга лойиқ.
Камола Абдувалиева, «Миллий тикланиш»
партияси Андижон вилоят Кенгаши раиси ўринбосари