Конституция – барча ислоҳотларнинг ҳуқуқий пойдевори
Бухоро вилояти Когон туманидаги “Poykent Bukhara” меҳмонхонасида O’zLiDeP вилоят Кенгаши томонидан “Конституция – барча ислоҳотларнинг ҳуқуқий пойдевори” мавзусида ўқув-семинари ташкил этилди. Унда O'zLiDeP вилоят, туман, шаҳар Кенгашлар масъул ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, маҳаллий тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Тадбирни O’zLiDeP вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Фармон Аминов бошқарди.

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси доирасида ўтказилган ўқув-семинарида таъкидланганидек, жамиятимизда рўй бераётган туб ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни киритишни тақозо этмоқда. Янгиланган Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасига қўйилганлиги ҳам бунинг яққол далилидир. Инсон ва унинг манфаатлари янги конституцияда ўз ифодасини топиши лозимлиги фуқароларимиз томонидан билдирилаётган аксарият таклифларда ўз исботини топмоқда.
Тадбир давомида Конституциявий Қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, инсон манфаатларни ҳимоя қилиш йўлида илгари сурилган ҳамда Конституциявий ислоҳотларни амалга оширишга хизмат қиладиган моддалар ҳақида батафсил сўз юритилди.

Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ҳамда жорий йилнинг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” делб эълон қилинганлиги, эндиликда мамлакатимизда “Инсон-жамият-давлат” тамойили асосида изчил иш олиб борилиши Конституция лойиҳасига ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқлигини кўрсатмоқда.
Йиғилишда қонун лойиҳасининг 1-,13-, 37-, 39-, 40-, 41-, 53-, 61-,63-, 90-, 99- 105-,122-моддалари бўйича сўз борди. Айниқса, O'zLiDePнинг асосий электорати ҳисобланган тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган ҳамда лойиҳанинг 53-моддасида баён этилган “Тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, ўз фаолиятининг йўналишини мустақил равишда танлашга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли” деган ўзгартиришлар соҳа ходимлари томонидан мамнуният билан кутиб олинганлигини қайд этди.

Иштирокчилар Конституциявий қонун лойиҳасидаги 99-модда бўйича ҳам ўзаро фикр алмашди. Мазкур моддага биноан “Тегишли ҳудуддаги ижроия ҳокимиятига вилоят, туман ва шаҳар ҳокими бошчилик қилади. Халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилади”.
Сўнг “Poykent Bukhara” меҳмонхонасида фаолият кўрсатаётган ҳамда O'zLiDePнинг дастурий мақсад ва вазифалари билан танишган бир гуруҳ ишчи- хизматчилар партия сафига қабул қилинди. Уларга тегишли гувоҳнома ва эсдалик совғалари топширилди. Шу тариқа бу ерда Дониёр Рўзиев раислигида янги бошланғич партия ташкилоти ўз фаолиятини бошлади.
Зариф Комилов, ЎзА