Конституция – адолат тарозиси
8 декабр – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни
Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Манбалар шуни кўрсатадики, энг қадимий қонунлардан бири Бобил подшоси Хаммурапи томонидан тузилган бўлиб, бу қонун қулдорлик тузуми ҳуқуқининг характерли белгиларини ўзида акс эттирган. Бу қонун қайдлари қадимги Шарқ ҳуқуқининг қимматли ёдгорлиги саналиб, азалдан қонун устуворлиги ўрнатилганлигини кўрсатади. .
Мамлакатимизнинг узоқ тарихида эса қонунлар эзгулик ва тараққиётга хизмат қилганлигини кўриш мумкин. “Темур тузуклари” номи билан Шарқ ва Осиё мамлакатлари цивилизациясига хос бўлган саркарда Амир Темур томонидан тузилган қонун битиклари конституциявий ҳужжат хусусиятига эга эканлиги билан ажралиб туради.
Жорий йилда давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозимлиги, шу боис, “Аввал – инсон, кейин жамият ва давлат”, деган ғояни қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз кераклиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларда бу ғоя сингдирилаётганлигини сезиш қийин эмас. Хусусан, ишсизликдан ҳимояланиш, кафолатланган сифатли таълим бериш, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар, мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг доимий диққат марказида.
Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича сўнгги йилларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2020 йилдан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар қизларига олий таълимга ўқишга кириш учун 4 фоиз квота жорий этилган эди. Шунингдек, 2022-2023 ўқув йилидан олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун фоизсиз таълим кредитлари ажратилмоқда Магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг шартнома тўловларини давлат томонидан қоплаш тартиби белгиланди. Ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим шартномаларини маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаш тартиби жорий қилинди.
Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон тарихида илк маротаба 2019 йилда парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етиб, дунёдаги 190 парламент орасида 37-ўринга кўтарилди. Бу кўрсатгич бўйича давлатимиз 2014 йилда 128-ўринда қайд этилган эди.
Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга, партияларда 48 фоизга, олий таълимда 49 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди. Бугунги кунда мамлакатимизда вазир, ҳоким, элчи, ректор, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органларида ҳам раҳбарлик лавозимларида аёллар фаолият юритмоқда. 2021 йилдан буён Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Озарбайжон ва Тунисдаги офисларига ўзбекистонлик аёллар раҳбарлик қилмоқда. Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида “Аёллар дафтари” тизими жорий этилиб, давлат бюджетидан ҳар йили 300 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда.
Тадбиркорлик соҳасида аёлларнинг мустақил равишда фаолият олиб бораётганлиги, ҳар бир қарор ва фармонларда уларнинг манфаатлари ҳимоя этиб борилаётганлиги ҳам сўзимиз исботидир. Айни пайтда ўзим раҳбарлик қилаётган Республика хотин-қизлар тадбиркорлик маркази Навоий вилояти бўлими томонидан ҳам қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, шунингдек, ижтимоий-ҳимояга муҳтож бўлган аёлларни касбга бепул ўқитиш ҳамда уларга ўзини ўзи банд қилиш жараёнида кўмак бериш бизнинг асосий вазифаларимиздан биридир.
Бугунги кунга қадар марказимиз томонидан нафақат шаҳар, балки олис қишлоқлардаги хотин-қизларимизни ўзлари қизиққан йўналишларда касбга тайёрлаб, субсидия асосида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга, банклардан имтиёзли кредитлар олишга, уларни иш билан таъминлашга кўмак бермоқдамиз.
Мухтасар қилиб айтганда, халқимиз фаровонлиги ва Ватанимиз равнақининг ҳуқуқий асосини ташкил этувчи Бош қомусимиз юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, оила тақдирида, уларнинг бугунги ҳаёти, эртанги келажагини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Мустаҳкам кучга эга бўлган Асосий қонунимиз бор экан, биз қайси соҳада бўлмайлик ўз ҳақ-ҳуқуқимиз кафолатига эгамиз. Шундай экан, бизни ҳар томонлама ҳимоя қилиб турган Конституциямизни билиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Гулсанам Норова,
Навоий давлат педагогика институти катта ўқитувчиси,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори.
ЎзА