Конимехликлар ҳам пахта режасини бажарди
Бу йил эрта баҳорда конимехлик деҳқон фермерлар 500 гектар майдонга чигит қадаб, ғўза парвариш қилишди. Бугун улар салкам тўққиз ой қилган машаққатли меҳнатлари самараси сифатида – 1682 тонналик хирмон бунёд этилиб, пахта хомашёси етиштириш шартномавий режаси юз фоиздан ошириб бажарилди, дейди Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.
Шу муносабат билан Конимех тумани ҳокими Руслан Рўзиев пахтакорларга зафарнома йўллади.
«Халқимиз конимехликларни лафзи ҳалол, мард, фидойи ва заҳматкаш, омилкор деҳқон сифатида яхши билади. Қолаверса, жорий қишлоқ хўжалиги мавсумининг ниҳоятда кутилмаган синовларига дош бериб, табиат инжиқликларига қарамай сабот ва матонат билан олдингизга қўйган мақсад сари оғишмай самарали меҳнат қилганликларингиз буни яна бир карра исботлади», дейилади туман раҳбари табригида.
Ушбу муваффақиятни қўлга киритишда тумандаги «Неъматов Мўмин», «Гауҳарбек ули Жондос», «Жамшид Севара», «Аҳмад бобо» каби фермер хўжаликлари ҳамда «Конимех чордара» ва «Янги Ғазғон нурли диёр» масъулияти чекланган жамиятлари сингари бир қатор хўжаликлар гектаридан кўзда тутилган режадан ортиғи билан юқори ҳосилдорликка эришиб, барчага ўрнак бўлишди.
Туман раҳбари «оқ олтин» хирмонига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшган фермерлар билан бирга, бу юмушда елкадош бўлган барчани қўлга киритган зафар билан қутлади ва уларга миннатдорлик билдирди.
ЎзА