Конгресс иштирокчилари Бухорода
Марказий Осиё ва Европа ўртасида таълим, илм-фан ҳамда инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган нуфузли халқаро анжуман – Марказий Осиё – Европа Иттифоқи университетлари конгресси доирасида иштирокчилар кўҳна ва боқий Бухоро шаҳрига ташриф буюрди.
Марказий Осиё – Европа Иттифоқи университетлари конгресси – олий таълим муассасалари ўртасида илмий ҳамкорликни кенгайтириш, академик алмашинув дастурларини ривожлантириш, инновацион таълим моделларини жорий этиш ҳамда халқаро интеграцияни кучайтиришга қаратилган муҳим мулоқот майдони ҳисобланади.
Конгресс иштирокчилари Бухоро темир йўл вокзалида миллий анъаналарга хос самимий руҳда кутиб олинди. Меҳмонларга юртимизга хос меҳмондўстлик намоён этилиб, уларнинг ташрифига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф давомида меҳмонлар Бухоронинг бой тарихий ва маданий мероси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар. Жумладан, улар Лаби Ҳовуз ансамбли, Карвонсаройлар, Савдо расталари – Тоқлар, Арк қўрғони, Ситораи Моҳихоса саройи каби ноёб ва бетакрор меъморий обидаларни зиёрат қилди. Ушбу тарихий ёдгорликлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Конгресс иштирокчилари Бухоро давлат тиббиёт институтида ҳам бўлиб, талабалар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, илмий лабораториялар, ўқув базаси ҳамда таълим жараёнининг инновацион ёндашувлари билан танишди. Мутахассислар тайёрлашда қўлланилаётган илғор тажрибалар ва халқаро стандартларга мос таълим тизими меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
[gallery-28782]
Бухоро шаҳрига амалга оширилган ушбу ташриф нафақат конгресс иштирокчилари учун маданий-маърифий аҳамиятга эга бўлди, балки Марказий Осиё ва Европа олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Бу каби ташрифлар келгусида қўшма лойиҳалар, илмий изланишлар ва академик алмашинув дастурларини кенгайтириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.