Конгода мактаб болаларини яшин урди
Конго Демократик Республикаси шимоли-шарқидаги мактаблардан бирини яшин урди. Натижада беш ўқувчи ҳалок бўлиб, ўндан зиёд бола жароҳат олди, дея хабар тарқатган "Франс Пресс" агентлиги маҳаллий ҳукумат маълумотига таяниб.
Итури музофоти маъмурияти раҳбари маълум қилишича, зарб эрталаб маҳаллий вақт билан 10 да Букиринги қишлоғидаги бошланғич мактаб биносига тушган. Бу пайт кучли ёмғир ёғаётган, болалар синф хоналарида бўлган.
“Беш ўқувчи - икки қиз ва уч ўғил шу заҳотиёқ жон берган”, - деди маҳаллий амалдорлардан бири 13 ўқувчи жароҳат олганини қўшимча қилар экан. Зудлик билан касалхонага ётқизилган жабрланганлар 5-13 ёш орасида.