Кўнгилларга меҳр улашиш – савобли амал
Бугун мамлакатимизда Рамазон ҳайити кенг нишонланмоқда. Ушбу қутлуғ айёмда ёши улуғ инсонларни йўқлаш, кам таъминланган ва имконияти чекланган фуқаролар кўнглини сўраш ҳамда уларга меҳр-мурувват кўрсатиш эзгу ишдир.
Шу анъаналарга мувофиқ “Eriell group” компанияси вакиллари Рамазон ҳайити арафасида Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг Бектемир тумани бўлимида бўлиб, хайрия акциясини ўтказди. Жамият аъзоларига дастурхон ёзиб, озиқ-овқатлар тўпламлари ва маҳсулотлар тақдим этди.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг Бектемир тумани бўлими аъзолари 168 нафарни ташкил этади. 43 нафари эса 16 ёшгача бўлганлардир.
–Бу инсонлар соғлиғидаги муаммолар туфайли ҳатто оддий ҳаракатларни ҳам бажаришга қодир эмас, бу эса, ўз навбатида, кундалик ҳаётда маълум қийинчиликлар туғдиради, –деди Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Бектемир туман бўлими раиси Наргиза Эшбоева. – Ушбу муқаддас кунларда уларни қўллаб-қувватлаш, айниқса, оддийгина инсон иштирокига ўта муҳтож жамиятимиз аъзоларига эътибор кўрсатиш жуда қувонарли. Энг эзгу фазилатларни ўзида мужассам этган байрам арафасида ўтказилган хайрия акцияси, айниқса, меҳр ва эътиборга муҳтож инсонлар учун муҳим тадбирдир.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА