
Маълумки, Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати Концепцияси лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мазкур ҳужжат муҳокамасига бағишлаб юртимиздаги конфессиялар вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувни Спикер ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов кириш сўзи билан очиб, Концепция лойиҳасининг аҳамияти, уни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди.
– Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ташаббус қилинган мазкур Концепция ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси 10 февралга қадар палата расмий веб-сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган. Муҳокамаларда бугунга қадар 300 га яқин изоҳлар, таклиф ва тавсиялар келиб тушди.
Концепция давлатчилигимиз ривожининг бой миллий-тарихий тажрибасига ва умуминсоний қадриятларга таянган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, кўпмиллатли ва кўпконфессияли Ўзбекистонда умумжамият манфаатларини рўёбга чиқариш, демократия, дунёвийлик, эркинлик, тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик асосида ўзаро тотувликда яшаш ҳамда изчил тараққий этиш учун зарур барқарор муҳитни таъминлашга қаратилган.
Ҳужжатда диний қадриятларимиз жамиятимиз учун жуда муҳим эканлиги, улар Ўзбекистон халқининг маданияти, турмуш тарзи, урф-одатлари, одоб-ахлоқининг шаклланишига хизмат қилиб келаётгани алоҳида қайд этилган. Диний эътиқодлар ва диний бағрикенглик Ўзбекистон халқини бирлаштириш ва жипслаштиришга хизмат қилади. Концепцияда виждон эркинлиги ҳуқуқини янада кафолатлаш, диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принциплари, устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмлари очиб берилмоқда, – деди Р.Ҳакимов.
Тадбир давомида иштирокчилар Концепциянинг мазмун-моҳияти бўйича ўзаро фикр алмашди. Маълум қилинганидек, Концепцияда дунёвий давлат тушунчаси ёритилиб, бу борадаги янглиш қарашлар ва нотўғри талқинларга чек қўяди.
Конфессиялар вакиллари сўзга чиқиб, бугунги кунда юртимизда уларнинг фаолияти учун яратиб берилаётган кенг шароитлар ҳақида тўхталиб ўтди. Мамлакатимизда таркиби барча диний конфессиялар раҳбарларидан иборат Конфессиялар ишлари бўйича кенгаш самарали фаолият олиб бораётганини алоҳида эътироф этди. Турли конфессиялар вакиллари Ўзбекистон миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик амалда таъминланган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида барқарор ривожланиб келаётганини, унда 16 та конфессияга мансуб 2 минг 300 дан ортиқ диний ташкилот эркин фаолият юритаётганини алоҳида қайд этди.
Шунингдек, мамлакатимиздаги конфессиялар вакиллари мазкур Концепция ўз вақтида ишлаб чиқилганини, уни қабул қилиш кўп миллатли ва кўпконфессияли Ўзбекистон халқининг бирлиги ва бирдамлиги, юртимиз тараққиёти учун хизмат қилишини алоҳида эътироф этиб, уни қўллаб-қувватлади.
Тадбир якунида мазкур ҳужжат кенг жамоатчиликнинг, шу жумладан, турли конфессиялар вакилларининг таклиф ва мулоҳазалари асосида янада маромига етказилиши, шунингдек, қонун қабул қилинганидан кейин унинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда ижросини таъминлашда конфессиялар вакиллари билан яқин ҳамкорлик қилиниши таъкидланди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/e5XiyyCVZYY" title="Konfessiyalar vakillari diniy sohadagi davlat siyosati Konsepsiyasiga qanday munosabatda?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Муҳтарама Комилова, ЎзА