Концепцияда қандай масалалар назарда тутилмоқда? (+видео)
Қонун лойиҳасига шарҳ
Бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати Концепцияси лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилиниб, 10 февралга қадар палата расмий веб-сайтида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Диний эътиқод ва виждон эркинлигига оид ҳуқуқлар Бош қомусимиз ва ва бошқа қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган бир шароитда ушбу Концепцияни ишлаб чиқишга қандай эҳтиёж туғилди? Мазкур ҳужжатда қандай масалалар ва йўналишлар назарда тутилмоқда, қандай натижалар кутилмоқда?
Шу каби саволлар доирасидаги жиҳатларни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, лойиҳа ташаббускорларидан бири Шаҳноза Холмаҳаматова батафсил шарҳлаб берди.
Депутатнинг қайд этишича, ҳужжат лойиҳасида виждон эркинлиги ҳуқуқини янада кафолатлаш, диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принциплари, устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмлари очиб бериляпти.
Концепцияда диний соҳадаги ҳуқуқларни чекловчи бирор-бир янги қоидалар киритилмаяпти. Аксинча, ҳуқуқлар аниқ баён этилиб, давлатнинг бу борадаги масъулияти ва мажбурияти белгиланмоқда.
Ҳужжатнинг қабул қилиниши натижасида жамиятда қонун устуворлиги, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳити мустаҳкамланади, давлат ва конфессиялар ўртасида диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик таъминланади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/icAckQ_wl1k?si=mG3yl2rV60vyHi5K" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова,
Нишон Абдувоитов,
Анвар Аҳмедов (видео), ЎзА