Комиссиянинг фаолияти таҳлил этилди
Бухоро вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирокида “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш, солиқ қонунчилиги ва бу борада амалга оширилаётган долзарб чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, давлат солиқ инспекцияси, тижорат банклари, молия-иқтисодиёт тармоқлари мутасаддилари қатнашди.
Бухоро вилояти бўйича 2024 йилда солиқ объектларини тўлиқ ҳисобга олиш ва солиқ солиш базасини кенгайтириш, фойдаланилмаётган захираларни сафарбар қилиш орқали 9 та йўналишда қиймати 1 триллион 202 миллион сўм қўшимча даромадларни бюджетга жалб қилиш имкони мавжудлиги аниқланган. Бу бўйича “Йўл харита”си ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилган ва 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ бўйича қайта ҳисобот топширилган ва бюджетга ундирилган.

Шундан келиб чиқиб йиғилишда барча ҳудуддаги савдо мажмуалари, дўконларда чек бермаслик, савдо тушумларини ҳисобга олмаслик орқали даромадларни яшириш ҳамда рақобат қоидаларини четлаб ўтиб ҳақиқий айланмани камайтириб кўрсатиш ҳолатларига барҳам бериш зарурлиги таъкидланди.
Кун тартибидаги масала юзасидан вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамовнинг маърузаси тингланди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари – Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи Шамсиддин Соҳибназаров иштирок этди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири