Кўмирни ёқишдан кўра, қайта ишласа, қиймати ошади
Мулоҳаза
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркидаги замонавий ишлаб чиқаришлар билан танишувини кузатар эканман, бир фикр хаёлимдан кетмади: иқтисодиёт тараққиётининг янги босқичида ҳақиқий бойлик ер остида эмас, балки уни қазиб олгач. қанчалик чуқур қайта ишлай олишимизда кўринади.
Технопаркда маҳаллий хомашё асосида ишлаб чиқарилаётган юқори қўшилган қийматли полимер маҳсулотларини кўриб, беихтиёр кўмир саноатининг эртанги куни ҳақида ўйлаб қоласан киши. Чунки дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, XXI асрда кўмирнинг қиймати уни қанча қазиб олиб қанча ёқишда эмас, балки ундан қанча янги маҳсулот яратишда намоён бўлади.
Бугун дунё бўйича қазиб олинаётган қарийб 9 миллиард тонна кўмирнинг асосий қисми ҳали ҳам энергетика эҳтиёжлари учун сарфланмоқда. Бироқ Хитой, Ҳиндистон ва бошқа қатор давлатлар кўмирни метанол, синтетик газ, аммиак, полимерлар учун хомашё ва юқори технологияли кимёвий маҳсулотларга айлантириш орқали унинг иқтисодий қийматини бир неча баробар оширишга эришмоқда.
Ўзбекистонда ҳам ушбу йўналишда тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 26 май куни Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишда кўмир саноатида бозор механизмларини жорий этиш, тармоқни ривожлантириш ва инвестиция муҳитини яхшилаш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, маъмурий тартибда шакллантириладиган нархларни босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтказиш юзасидан таклифлар маъқулланди. Бу эса соҳада иқтисодий самарадорликни ошириш ва янги инвестиция лойиҳаларини жалб қилиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Бу қарорнинг амалий аҳамиятини Ангрен кўмир ҳавзасида фаолият юритаётган ерости газификацияси корхонаси – “Еростигаз” мисолида ҳам кўриш мумкин. Мазкур технология кўмирни ер юзасига чиқармасдан, уни ер ости қатламларида газга айлантириш орқали энергетик ресурс ҳосил қилиш имконини беради.
Бироқ ҳар қандай юқори технологиянинг самарадорлиги унинг иқтисодий асослари билан чамбарчас боғлиқдир. Шу жиҳатдан бозор механизмларининг жорий этилиши юқоридаги каби инновацион лойиҳалар учун ҳам барқарор иқтисодий муҳит яратиши мумкин.
Айни пайтда мамлакат кимё саноати ҳам янги тараққиёт босқичига чиқмоқда. “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркидаги танишувдан сўнг Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳани ривожлантиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар тақдим этилди. Маълумотларга кўра, 2030 йилга қадар тармоққа 207 миллион доллар инвестиция жалб этиш, товар маҳсулоти ишлаб чиқаришни 294 миллион долларга етказиш, экспорт ҳажмини 48 миллион долларга ошириш ҳамда 2 минг 300 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажми бугунги кунда йилига 3,7 миллион тоннани ташкил этмоқда. Бироқ фосфорли ва сувда эрувчан ўғитларга бўлган эҳтиёж соҳани янада модернизация қилишни тақозо этмоқда. Шу мақсадда 2,8 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари шакллантирилган.
Нефть-кимё тармоғида эса полимерларга бўлган ички эҳтиёж ортиб бормоқда. 2032 йилга бориб мазкур эҳтиёж 3,2 миллион тоннага етиши прогноз қилинмоқда. Шу муносабат билан Ангренда “кўмирдан олефинлар олиш” ва Қўнғиротда “нафтани қайта ишлаш” каби йирик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Бу ҳақида кимё саноатини ривожлантириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида алоҳида таъкидланди. Ушбу лойиҳалар ички талабни қондириш ва импорт ўрнини босишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Минтақада маиший кимё маҳсулотлари бозори ҳам катта салоҳиятга эга бўлиб, унинг ҳажми 2 миллиард доллар атрофида баҳоланмоқда. Шу муносабат билан "Henkel" компанияси билан ҳамкорликда “Ангрен” эркин иқтисодий зонасидаги лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу ҳамкорлик маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва маҳсулотларни Ҳамдўстлик давлатлари бозорларига экспорт қилиш имкониятларини яратади.
Айни пайтда мамлакат кўмир саноати янги тараққиёт босқичига кирмоқда. Бу жараёнда “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти соҳанинг асосий ишлаб чиқарувчи корхоналаридан бири сифатида муҳим ўрин тутади. Корхона томонидан қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, Ангрен ҳавзасидаги Нишбош кўмир кони лойиҳаси мамлакат кўмир саноатидаги йирик инвестиция ташаббусларидан бири ҳисобланади. Захираси 233 миллион тонна деб баҳоланаётган мазкур конда жорий йил кузидан бошлаб илк кўмир қазиб олиниши режалаштирилган бўлиб, лойиҳа тўлиқ қувватга чиққанидан сўнг йиллик қазиб чиқариш ҳажми 10 миллион тоннани ташкил этиши кутилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида замонавий иссиқлик электр станцияси барпо этилиши ҳам кўзда тутилган. Умумий қуввати 1400 мегаватт бўлган, ҳар бири 350 мегаваттлик тўртта энергоблокдан иборат ушбу станция ультра-суперкритик технологиялар асосида ишлайди. Бу кўмир энергетикасидаги энг самарали ва нисбатан экологик жиҳатдан илғор ечимлардан бири ҳисобланади.
Шу билан бирга, замонавий ёндашув фақат энергетика самарадорлигини ошириш билан чекланиб қолмасдан, кўмирни чуқур қайта ишлаш имкониятларини ҳам кенгайтиришни тақозо этади. Кўмирни газификация қилиш ана шундай йўналишлардан бири бўлиб, унда кўмир тўлиқ ёндирилмасдан, юқори ҳарорат ва кислород ёки сув буғи иштирокида кимёвий парчаланади. Натижада синтетик газ – асосан углерод оксиди ва водород аралашмаси ҳосил бўлади. Ушбу газ кейинги босқичларда метанол, аммиак, синтетик ёқилғи ҳамда турли кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун асосий хомашё сифатида хизмат қилади. Хуллас, кўмирни газификация қилиш орқали унинг қиймат занжири кенгайиб, оддий энергия манбаидан юқори қўшилган қийматли кимёвий ресурсга айланади.
Ангрен кўмир ҳавзаси эса мамлакат кўмир саноатининг стратегик ресурс базаларидан биридир. Унинг асосий устунликлари йирик захиралар, очиқ ва ёпиқ усулларда қазиб олиниши ҳамда шаклланган энергетика ва транспорт инфратузилмаси билан белгиланади. Бу омиллар Ангренни келажакда кўмир-кимё саноати учун ҳам муҳим ҳудудга айлантириши мумкин.
Шу нуқтаи назардан Ангрен ҳавзасини фақат кўмир кони сифатида эмас, балки кўмир энергетикаси, ерости газификацияси ҳамда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бирлаштирувчи йирик саноат кластерининг асоси сифатида кўриш мумкин.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз кўмир саноати тараққиётининг янги босқичида ҳам асосий масала қазиб олинаётган ҳажм эмас, балки бир тонна хомашё асосида яратиладиган қўшимча қиймат билан белгиланади.
Айнан шу ёндашув Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсиши ва саноат рақобатбардошлигини оширишда стратегик аҳамият касб этади.
Неъмат Душаев,
“Ўзбеккўмир” АЖ матбуот котиби.
ЎзА