
“Харбин-2025” қишки Осиё ўйинлари олдидан Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Атлетлар комиссияси таркиби учун қишки спорт вакиллари орасидан номзодларни эълон қилди.
Аҳамиятли жиҳати, мазкур комиссия аъзолигига тоғ чанғиси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Комилжон Тўхтаев номзоди ҳам жой олди. Ҳамюртимизга бу борада Наруми Такахаши (фигурали учиш, Япония), Аиза Мамбекова (фигурали учиш, Қозоғистон), Хожун Ким (сноуборд, Корея Республикаси), Занг Йизе (шорт-трек, Хитой), Вен-Йи Ли (тоғ чанғиси, Хитой Таипейи) рақиблик қилади.
Қайд этиш лозимки, овоз бериш жараёни Харбин шаҳрида ўйинлар давомида ташкил этилади ва биргина номзод комиссия аъзолигига танлаб олинади. Жараёнда фақат спортчилар иштирок этиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Комил Тўхтаев “Пхёнчхан-2018” ва “Пекин-2022” қишки Олимпия ўйинлари иштирокчиси, Осиё чемпиони ҳисобланади.
Т.Рўзиев, ЎзА