Комил Синдаров: “Кўпчилик Ўзбекистоннинг чемпион бўлишини кутди ва йигитларимиз буни уддалади”
Президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари билан учрашиб, уларга давлат мукофотларини топширди.
– Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси биз учун омадли келди, – деди Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Комил Синдаров. – Мамлакатимизнинг биринчи рақамли жамоаси тарихий ғалабани қўлга киритиб, иккинчи бор Олимпиада чемпиони деган юксак унвонга сазовор бўлди. Бу сафар шахмат мутахассислари ва бутун дунё нигоҳи Ўзбекистонга қаратилган эди. Тўғри, Ченнаидаги Олимпиадада олтин, Будапештда эса бронза медалини қўлга киритганмиз. Бироқ ўшанда биз фаворитлар қаторида эмасдик, рейтингимиз ҳам бошқаларникидан анча паст эди. Бу сафар эса шахмат олами биздан айнан шундай натижани кутди. Кўпчилик Ўзбекистоннинг муқаррар чемпион бўлишини тахмин қилганди ва йигитларимиз бу ишончни тўла оқлади.
Шу ўринда парашахматчиларимизнинг ютуғини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Очиғини айтганда, улар аввалдан асосий даъвогарлар сафида эмас эди. Албатта, ичимиздан буни жуда хоҳлагандик, бироқ мусобақада Польша ва Европанинг бошқа кучли терма жамоалари иштирок этаётганди. Уларнинг таркиби тажрибали гроссмейстерлардан иборат бўлиб, парашахмат тизими ҳам анча ривожланган. Бизда эса бу йўналиш эндигина оёққа тураётган бўлишига қарамай, спортчиларимиз ҳақиқий матонат кўрсатишди. Имкониятлари чекланганига қарамай, бор кучлари билан ҳаракат қилиб, фахрли учинчи ўринни эгаллашди. Бу ҳам ўзбек спорти тарихидаги яна бир улкан зафардир.
Мен ўйлайманки, бу яратилган имкониятлар келажакда бизнинг шахмат мамлакати, шахмат диёри эканлигимизни, ота-боболаримиз азалдан шахмат ўйнаб келганлиги ва шахматда муваффақиятларга эришганлигини исботлаб турибди.
Энди навбатдаги олимпиадага тайёргарликни бошлаймиз. Бирлашган Араб Амирликларида ўтадиган 2028 йилдаги олимпиадада шу таркибимиз, қизларимиз билан жасорат кўрсатамиз. Йигит-қизларимизнинг биринчи ўринни эгаллашига умид қиляпмиз ва шунга икки йил давомида тайёргарлик кўрамиз ва ниятимизга етамиз.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва 3-Парашахмат олимпиадаси ғолиблари ва иштирокчиларини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Комил Синдаров “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвонига муносиб кўрилди.
Абдулазиз РУСТАМОВ, Носиржон ҲАЙДАРОВ (фото), Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео), ЎзА