Колумбиядаги кучли зилзила: вайрона, қутқарув иши ва халқаро ёрдам
10 август куни Колумбияда содир бўлган магнитудаси 7,4 балли зилзила мамлакатда оғир оқибатларга олиб келди. Офат ўчоғи жойлашган Чоко департаменти ва бошқа яқин манзиллар бўйлаб вайрона остида қолганларни қидириш, уларга ёрдам кўрсатиш давом этяпти. Ҳокимият қурбонлар сони ортиши мумкинлигини истисно қилмаган.
12 август ҳолатига кўра, 240 фуқаро ҳалок бўлгани маълум қилинган. БМТ Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси камида 2 595 киши жароҳатланганини билдирган. Бинобарин, халқаро ташкилот ҳудудларда жабрланганлар ҳақидаги маълумот ҳали тўлиқ эмаслигини таъкидламоқда. Бу ҳолат қидирув-қутқарув амалиётини ташкил этиш, вақтинча бошпана тайёрлаш ва тиббий ёрдам кўрсатиш жараёнини қийинлаштиряпти.
Энг оғир вазият Кали ва Перейра шаҳарларида кузатилди: жуда кўп бино қулаган, юзлаб одам вайрона остида қолган. Чуқур ёриқ пайдо бўлган уйларда яшаш имконсиз, минглаб аҳоли бошпанасиз қолди. Қутқарувчилар оғир техника, кран ва махсус тайёрланган итлардан фойдаланмоқда. Айрим ҳолларда вайрона остида тирик қолганларни аниқлаш учун қутқарувчилар атрофдагилардан сукут сақлашни сўрамоқда.

Перейрада 32 ёшли Даниэла Ларго вайрон бино орасидан 36 соатдан сўнг тирик олиб чиқилди. Қутқарув пайти камдан-кам учрайдиган бу қувончли воқеа мутахассислар ва кўнгиллиларга ишни давом эттириш учун қўшимча куч берди.

Ер қимирлаши Колумбиянинг кундалик ҳаёти ва иқтисодиётига ҳам таъсир кўрсатди. Чоконинг айрим ҳудудларида электр энергияси ва асосий ҳаётий хизмат билан боғлиқ муаммо сақланиб турибди. Зарар кўрган баъзи ҳудудлар билан алоқа ҳали тикланмаган. Перейра, Попаян ва Картаго аэропортларидан парвоз чекланган. Мамлакатнинг асосий порти ҳисобланган Буэнавентурада ҳам узилиш кузатилган. Муҳим автомобиль йўллари тўсилиши эса кофе экспортини қийинлаштирди.
Табиий офат иқтисодий жиҳатдан заиф ҳудудга тўғри келгани вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Зеро, айрим яқин аҳоли манзилларида аҳоли аввалдан озиқ-овқат танқислиги муаммоси билан курашиб келган. Энди уларга хавфсиз бошпана, тоза сув, озиқ-овқат ва санитария воситалари янаям зарур.
Президент Абелардо де ла Эсприэлья лавозимга киришганидан бир неча кун ўтиб юз берган фалокат ҳудудига бориб, муҳим ташрифи чоғида аҳолига иқтисодий ёрдам кўрсатилишини билдирди.

Фалокат оқибатини бартараф этишга халқаро ҳамжамият ҳам қўшилмоқда. Европа Иттифоқи энг кўп зарар кўрган манзиллар аҳолисига 2 миллион евро ажратишини маълум қилди. Германиянинг машҳур ишлаб чиқарувчи ташкилоти ҳам 100 000 евро миқдорида шошилинч ёрдам йўналтирмоқда. АҚШ Давлат департаменти эса Колумбия учун 15,5 миллион долларлик фавқулодда ёрдам ажратилишини эълон қилди.
Колумбия Геология хизмати маълумотига кўра, зилзила 10 август куни маҳаллий вақт билан соат 07:34 да содир бўлган. Ўчоқ мамлакат ғарбидаги Сан-Хосе-дель-Пальмар шаҳри яқинида, тахминан 103 километр чуқурликда қайд этилган. Кейинчалик кўплаб такрорий силкиниш кузатилган.
Мутахассислар мазкур офатни XXI асрда Колумбияда қайд этилган энг кучли зилзила дея баҳоламоқда. Ҳозирги асосий вазифа вайрона остида қолганларни топиш, жабрланганларни даволаш ва бошпанасиз қолган аҳолини зарур воситалар билан таъминлашдир. Қурбонлар ва зарар кўлами бўйича аниқ маълумот қидирув-қутқарув ишлари якунланиши билан ойдинлашиши кутиляпти.
Д.Ҳакимов, ЎзА