“Кўлиодина”нинг янги биноси очилди
“Обод хонадон- обод кўча- обод маҳалла” тамойили асосида Бухоро вилояти Вобкент туманининг “Кўлиодина” маҳалла фуқаролар йиғинининг икки қаватли, замонавий андозадаги маъмурий биноси қурилиб, кўркам қиёфага кираётган ҳудуд чиройини янада очди.
Янги бинони фойдаланишга топшириш маросимида туман ҳокими Фарҳод Умаров бошчилигидаги мутасаддилар, секторлар раҳбарлари, маҳалла фаоллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар давлатимиз раҳбари томонидан маҳалла тизимига берилаётган эътибор натижасида сўнгги йилларда фуқаролар йиғинлари учун қулай шарт-шароит яратиб берилаётганлиги, маҳалла обод масканга айланаётганини қайд этди.
[gallery-15647]
Замонавий лойиҳа асосида барпо этилган ва барча қулайликка эга шинам "Кўлиодина" маҳалла фуқаролар йиғини биноси маҳаллий пудратчи “Yaxshimurod Sohib Qurilish Plyus” MЧЖ бинокорлари томонидан барпо қилинган бўлиб, унинг қурилишига умумий қиймати 1 миллиард 203 миллион сўм маблағ ажратилган.
Эндиликда икки қаватли маҳалла маркази биносида алоҳида жиҳозланган ва 20 дан ортиқ чеварни иш билан таъминлаган тикувчилик цехи ҳам ўз фаолиятини бошламоқда. Бу хайрли иш ташаббускори эса маҳаллий тадбиркор Наргиза Болтаева бўлиб, бу ерда буюртма асосида аёллар кийим-кечаги тикилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари