Кўкдалада янги кутубхона очилди
Адлия вазирлиги ташаббуси билан республика бўйлаб ўтказилаётган “Ziyo ulash” акцияси доирасида Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани Гулистон маҳалласида ҳам янги кутубхона ташкил қилинди.
Вилоят марказидан қарийб 70 километр узоқликда жойлашган мазкур маҳаллада 7,5 минг нафардан зиёд аҳоли яшаса, уларнинг 2 минг нафарга яқинини ёшлар ташкил қилади.


Кутубхонанинг очилишига бағишланган тантанали тадбирда адлия вазири ўринбосари М.Икрамов ҳамда туман масъуллари иштирок этиб, маҳалла ёшларини ушбу зиё маскани очилиши билан қутлади.
Кутубхонага “Ziyo ulash” челленжи доирасида Президент асарлари, ўзбек адабиёти дурдоналари, жаҳон адабиёти, ҳуқуқий ва болалар адабиётига оид 400 га яқин китоблар шунингдек, адабиётларнинг электрон ва аудио шакли жамланмаси совға қилинди.


Кутубхонада аҳоли, айниқса, ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун барча шароит яратилди. Китоблар билан бирга замонавий ва қулай мебель жиҳозлари, китоб жавонлари, компьютер жамланмалари тақдим этилди.
Маълумот ўрнида: “Ziyo ulash” акцияси доирасида Қашқадарё вилоятидаги туман ва шаҳарларда 16 та мўъжаз кутубхона фаолият бошлади.


Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири