Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) узоқ йиллик ҳамкорликка эга, ушбу ҳамкорлик 1995 йилда «Ўзбек-Корейс дўстлик клиникасини барпо этиш лойиҳаси» орқали бошланган.
KOICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вазирлик билан биргаликда тиббиёт соҳасини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган бошқа қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Ҳамкорлик йиллари давомида республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшиш мақсадида агентлик 40дан зиёд умумий қиймати 150 миллион доллардан ошадиган дастур ва лойиҳалар устида ишлади.
Ўзбекистонда COVID-19 оқибатларига қарши курашишга қаратилган мажмуавий дастур шундай истиқболли ҳаракатларнинг навбатдагиси. Бугун, 12 май куни мазкур дастур доирасида Вирусология илмий-тадқиқот институтига Мультисперал компьютер томаграфияси (МСКТ) аппарати ва бошқа лаборатор жиҳозларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Вирусология илмий-тадқиқот институти ва KOICAнинг юртимиздаги ваколатхонаси вакиллари иштирок этган тадбирда мутахассислар салоҳияти оширилгани, эндоскопия бўлими, референс ва биокимё лабораториялари диагностика жиҳоз-ускуналари билан таъминлангани алоҳида қайд этилди.
[gallery-7075]
2020-2021 йилларга мўлжалланган, вазирлик ҳамда KOICA ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандумлар асосида мамлакатимизда COVID-19 оқибатларига қарши курашишга қаратилган ҳужжат 10 миллион доллар грантга баҳоланган. Шундан 9 миллион доллар соғлиқни сақлаш компонентларига йўналтирилган.
Маълум қилишларича, дастурнинг якуний босқичига, айнан, 1,8 миллион долларга баҳоланган юқори даражадаги техникаларни институтга тантанали топшириш вазифаси юклатилган.
Маросим иштирокчилари дастур доирасида амалга оширилган ишлар хусусида сўз юритар экан, республикада соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, янги теҳнолагияларни жорий этиш ва мамлакат равнақига ҳисса қўшишда самарали меҳнати учун KOICA вакилларига миннатдорлик билдирди.
Вирусология институтида янги лаборатория ва алоҳида бўлимлар очилгани, соҳага оид илғор технологиялар жалб қилинаётгани жуда қувонарли, – деди Улуғбек Собиров соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари. – Сўнгги йилларда вирусологик касалликларга чалиниш ҳолатлари анча камайган, бу тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси, албатта. Кўринмас душман – бактерия ва микробларга қарши курашишда бундай жиҳозлар ўта зарур.
<iframe width="1180" height="664" src="https://www.youtube.com/embed/4-xWFQfV9ds" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Тадбирда, шунингдек, 2022 йил Санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги хизмати билан биргаликда қиймати 14.2 миллион долларга тенг, юқумли касалликларга қарши курашишга қаратилган лойиҳанинг 3чи босқичини бошлаш режалаштирилгани маълум бўлди.
– Келгусида янги лойиҳалар доирасида ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланади, – деб ишонч билдирди агентликнинг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари муовини Пак Хеджонг. – Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими жаҳоннинг ривожланган минтақаларида юқори чўққиларни забт этишига аминман.
Маросим давомида институт фаолияти, у ерда яратилган шарт-шароитлар хусусида батафсил маълумот берилди. Меҳмонлар KOICA томонидан тақдим этилган ҳар бир диагностика жиҳоз-ускуналари билан яқиндан танишди.
Маълумот учун: бугунги кунда KOICA Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги хизмати, Тошкент тиббиёт академияси, Вирусология илмий-тадқиқот институти, Миллий болалар тиббиёт маркази ва бошқа тиббиёт муассасалари билан биргаликда юқумли ва паразитар касалликларни олдини олиш, даволаш ва илмий тадқиқотлар олиб боришга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Беҳруз Худойбердиев, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА