Кўҳна ва боқий Бухоро меҳмонларни чорламоқда
Кўҳна ва боқий Бухорода жорий йилнинг 3-5-май кунлари бўлиб ўтадиган “Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали”га қизғин тайёргарлик кўрилди.
– Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича вилоят ҳокимлигининг чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, масъуллардан иборат штаб таркиби тасдиқланди, – деди вилоят маданият бошқармаси бошлиғи ўринбосари Воҳид Ниёзов. – Фестивалнинг очилиш ва ёпилиш маросимларини ўтказиш учун 1700 томошабинга мўлжалланган амфитеатр ва саҳна тайёрланди. Фестивалга ташриф буюрадиган ҳамда бевосита иштирок этадиган хорижий ва маҳаллий меҳмонлар, ҳунармандлар сони ва таркиби аниқланиб рўйхатлари шакллантирилди.



Фестивалга 42 та хорижий давлатдан 157 нафар ҳунармандлар ҳамда меҳмонлар ташриф буюриши кутилмоқда. Республикамизнинг барча ҳудудларидан жами 280 нафар маҳаллий ҳунармандлар қатнашади. Фестиваль дастурига кўра “Анъанавий зардўзлик ва заргарлик санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги илмий-амалий конференция Бухоро давлат университети залида ўтказилади. Меҳмонлар ва иштирокчилар учун барча шароитлар яратилган. Бугун кўҳна ва боқий Бухоро меҳмонларни чорламоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.