Когон туманида Наврўз айёми
Кўҳна ва боқий Бухоронинг маҳалла ва қишлоқлари, овул, кўча ва хиёбонларида умумхалқ сайли тарзида, юқори кайфиятда тантана қилинаётган бу йилги “Наврўз” байрамини когонликлар ҳам муносиб кутиб олиб, шод- хуррамлик билан нишонламоқда.
Хусусан байрам муносабати билан темирйўлчилар тумани Марказий ўйингоҳида “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўзи олам!” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди. Дастлаб, тадбирда Когон тумани ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, меҳмонлар байрамга келганларни қутлуғ айём билан самимий муборакбод этиб, халқ хўжалиги жабҳаларида олиб борилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар, эрта баҳорги дала-деҳқончилик ишларига ривож тилади.

Айни кунда халқчил ислоҳотлар натижасида юртимизнинг барча гўшалари қаторида темирйўлчилар туманида ҳам 23 та маҳалла фуқаролар йиғинида ўнлаб замонавий корхона, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, шинам турар-жойлар барпо этилаётгани, янгидан қурилаётган мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, тиббиёт, спорт иншоотлари фойдаланишга топширилмоқда. Шунингдек, “Обод маҳалла” тамойили асосида янгича қиёфа касб этиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида юқори суръат билан рўёбга чиқарилаётган бунёдкорлик ишлари, хайрли иш ва лойиҳалар аҳоли турмуш фаровонлигига хизмат қилмоқда.

Гавжум майдонда миллий кураш, арқон тортиш, қўчқор уриштириш, варрак учириш ва бошқа халқ ўйинлари, спорт мусобақалари ташкил қилингани кўпларни хурсанд қилди. Туман маданият уйи фольклор жамоалари чиқишлари эса юртдошларимизга байрамона кайфият бағишлади. Шунингдек, тадбир қатнашчилари моҳир ошпазлар томонидан тайёрланган миллий баҳорий таомлар мазасидан баҳраманд бўлди.


Наврўз сайлининг асосий қисмида ўзбек эстрадасининг ёрқин юлдузи Ҳулкар Абдуллаева ҳамда вилоят истеъдодли санъаткорлари томонидан ижро этилган дилтортар тароналар даврага янада файз қўшди. Муҳими, йиллар давомида ота-боболаримиз бу улуғ айёмни қандай пок ният ва ёруғ умидлар билан кутиб олган бўлсалар, бугун ҳам халқимиз мана шундай юқори кайфият билан Наврўзга пешвоз чиқмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.