Когенерациянинг “бир манба — икки манфаат” тамойили хонадонлар учун иссиқлик ва ёруғликни кафолатлайди
Мустақилликнинг 35 йиллиги
Қаҳратон қиш кунларида хонадонда иссиқликнинг ўчиши ёки электр манбаининг мунтазам узилиши аҳоли учун қанчалик оғир синов эканини яхши биламиз. Ўшандай пайтлар чорасиз қолганлар уйни иситиш учун турли қўлбола воситалардан фойдаланишга мажбур бўлди.
Аҳолининг электрдан пала-партиш фойдаланиши тармоқларга ҳаддан ташқари юклама беради. Шунингдек, бу одамлар соғлиғи ва ҳаёти учун ҳам жиддий хавф туғдиради. Эскирган қозонхоналарда бўлса газ фақат сув иситиш учун ёқилади. Оқибатда беҳисоб иссиқлик шунчаки ҳавога совурилади.
Кейинги йилларда бу каби тизимли муаммоларга инновацион ечимлар топилмоқда. Эскирган ёндашувлардан воз кечилиб, “бир ўқ билан икки қуённи уриш” тамойилида ишлайдиган когенерация технологияси мамлакат энергетика ва коммунал тизими учун кенг татбиқ этила бошланди.

Бу технология аслида қандай ишлайди? Оддий тилда айтганда, когенерация битта ёқилғи манбаидан, яъни табиий газдан бир вақтнинг ўзида ҳам электр, ҳам иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш тизими деганидир. Одатдаги қозонхонада газ ёқилганда ҳосил бўлган иссиқликнинг катта қисми мўри орқали атмосферага чиқиб кетади. Когенерация қурилмасида эса газ-поршенли двигатель аввал электр энергиясини ишлаб чиқаради. Ундан ажралиб чиққан юқори ҳароратли иссиқлик эса беҳуда совурилмай, сувни иситишга ва хонадонларга узатишга йўналтирилади.
Натижада ёқилғидан фойдаланиш самарадорлиги кескин ортиб, фойдали иш коэффициенти 80–90 фоиздан ошишига эришилади. Дунё тажрибасида бу тизим шаҳар инфратузилмасининг асосий устуни ҳисобланади. Чунки у ресурсларни тежаш баробарида карбонат ангидрид ва бошқа зарарли моддаларнинг атмосферага чиқарилишини кескин камайтиради.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ушбу технологияни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Соҳадаги маънан ва жисмонан эскирган инфратузилма, айниқса ўтган қиш мавсумларидаги аномал совуқда кузатилган узилишлар тизимни тубдан модернизация қилишни кечиктириб бўлмас вазифага айлантирди.

Бу борадаги дастлабки салмоқли қадамлардан бири Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги Оқтепа ва Боғзор маҳаллаларида ташланди. Мазкур ҳудудда Туркиянинг етакчи компанияси билан ҳамкорликда Германиянинг газ-поршенли ҳамда махсус қозонлари ўрнатилди. Натижада соатига 4,6 МВт электр ва 29 Гкал иссиқлик ишлаб чиқарувчи замонавий мажмуа барпо этилди. Шунингдек, 13 минг метрлик иссиқлик тармоқлари изоляцияланган қувурларга алмаштирилиб, ҳар бир бинода ҳаво ҳароратига қараб иссиқликни автоматик созловчи махсус датчикли пунктлар ўрнатилди. Натижада йилига 5,3 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилиниб, атроф-муҳитга чиқадиган зарарли моддалар 67 фоизга камайди, оқова сув ташланмалари эса умуман тўхтатилди.
Сергели туманининг Ўзгариш маҳалласида барпо этилган 5,8 миллион долларлик когенерация маркази ҳам бу борадаги муҳим амалий ишлардан бўлди. Германиянинг юқори аниқликдаги қурилмалари билан жиҳозланган бу марказ йилига 18,4 миллион киловатт-соат электр ва 80 минг гигакалория иссиқлик етказиб бериб, туман марказий электр тармоғидаги юкламани 3 фоизга камайтирди.
Энг йирик миқёсдаги лойиҳалардан бири эса Юнусобод туманидаги 4-иссиқлик маркази ҳудудида амалга оширилди. Хитой ва Буюк Британиянинг энг нуфузли компаниялари ҳамкорлигида 65 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция эвазига қуввати 100 МВт бўлган гигант когенерация станцияси ишга туширилди. 70 та газ-поршен ускунаси ўрнатилган ушбу иншоот йилига 876 миллион киловатт-соат электр ва 858 минг гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқариб, 1 минг 846 та объект ҳамда 292 минг хонадонни барқарор энергия билан таъминламоқда. Лойиҳа йилига 35 миллион куб метр газни тежаш билан бирга, иссиқлик ишлаб чиқариш харажатларини 40–45 фоизга арзонлаштирди.
Пойтахтда ўз исботини топган бу самарали тажриба энди мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб кенг қулоч ёзмоқда.

Масалан, Нукус шаҳрини олайлик. Бу ердаги марказий қозонхона деярли ярим аср муқаддам қурилган бўлиб, катта миқдорда газ ва электр ресурсларини сарфлар, эвазига жуда кам иссиқлик берарди. Энди эса бу эски тизим ўрнини тубдан янгича ёндашув эгалламоқда.
– Хабарингиз бор, Президентимиз яқинда Нукус шаҳридаги қозонхонани когенерация технологиялари асосида модернизация қилиш юзасидан тақдимот билан танишган эди, – дейди «Иссиқлик таъминоти» акциядорлик жамияти бошқарув раиси Илҳом Тўраев. – Лойиҳанинг биринчи босқичида 20 миллион доллардан зиёд хорижий инвестиция жалб этилиб, мутлақо замонавий мажмуа барпо этилмоқда. Бу шунчаки эски қозонни янгисига алмаштириш эмас. Бу бутун инфратузилманинг янгиланишини англатади. Яъни 28 километрлик янги, изоляцияланган қувурлар ётқизилиб, юзлаб замонавий иссиқлик пунктлари ўрнатилади. Дастлабки босқичда Нукусдаги 23 мингга яқин аҳоли яшайдиган хонадонлар ҳамда 40 та мактаб, боғча ва шифохона қаҳратон совуқда ҳам кафолатланган иссиқлик ва электр энергиясига эга бўлади. Энг муҳими, ушбу оқилона ечим тизимнинг самарадорлигини 91 фоизгача кўтариб, йилига 12 миллион куб метрдан ортиқ табиий газни тежаб қолади.
Эътиборлиси, Нукусдаги ушбу муваффақиятли тажриба асосида кейинчалик Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Зарафшон каби шаҳарларда ҳам шундай замонавий марказлар барпо этилади. Ҳатто у ерда нафақат қишда иссиқлик ва электр, балки ёзнинг чилласида хонадонларга совуқ ҳаво узатувчи «тригенерация» технологияси жорий этилиши кўзда тутилган.
Аниқ мисоллар ушбу технологик бурилиш ҳар томонлама манфаатли эканини кўрсатмоқда. Аҳоли учун бу қаҳратон қишда хонадонлардаги мўътадил ҳарорат, иссиқ сув ва чироқнинг ўчмаслиги дегани. Давлат учун эса миллиардлаб куб метр табиий газни тежаш, коммунал тизим харажатларини ва атроф-муҳитга чиқадиган заҳарли газларни кескин қисқартириш имкониятидир.
Мустақиллик берган эркинлик, иқтисодий куч-қудрат ва хорижий ҳамкорлар ишончи туфайли бугун Ўзбекистон ўз аҳолиси учун хавфсиз ва барқарор энергетика тизимини барпо этмоқда. Ҳар бир маҳаллада, ҳар бир хонадонда иссиқлик ва ёруғликнинг мунтазам бўлиши юртимизда инсон қадри қай даражада амалда улуғланаётганининг ёрқин намунасидир.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири