Кўчмас мулкка тақиқ қўйилган бўлса ҳам кадастр ҳужжатларини янгилаш мумкинми?
Кўчмас мулкка нисбатан тақиқ мавжудлиги ҳар доим ҳам кадастр ҳужжатларини янгилаш учун ариза бериш имконияти йўқлигини англатмайди.
Давлат кадастрлари палатаси томонидан “UZKAD” ахборот тизимида янги имконият жорий этилди. Давлат кадастрлари палатаси матбуот хизматига кўра, энди ваколатли органларнинг розилик хати асосида мулкка қўйилган тақиқ сақланиб турган ҳолда ҳам кадастр ҳужжатларини янгилаш учун ариза бериш мумкин.
Бу ўзгариш, айниқса, ҳужжатларини янгилаши зарур бўлган, бироқ мулкига нисбатан тақиқ мавжудлиги сабабли тегишли жараённи бошлай олмаётган фуқаролар учун аҳамиятли.
Кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлашга оид маълумотлар электрон маълумотлар банкига Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 468-сон қарори билан тасдиқланган низом асосида киритилади.
Бундай тақиқлар суд, прокуратура, тергов органлари, Мажбурий ижро бюроси, нотариуслар, солиқ органлари, Давлат кадастрлари палатаси рўйхатдан ўтказувчилари, банклар ва бошқа кредит ташкилотлари томонидан киритилиши мумкин.
Масалан, мулкка нисбатан суд ёки ижро иши доирасида чеклов қўйилган бўлиши мумкин. Шунингдек, солиқ қарздорлиги сабабли мол-мулк хатланганда ҳам уни тасарруф этишга доир чекловлар юзага келади.
Янги имконият мулкни эркин сотиш ёки бошқа шахсга ўтказиш мумкинлигини англатмайди. У ваколатли органнинг розилик хати асосида кадастр ҳужжатларини янгилаш учун ариза бериш имконини назарда тутади.
Бунда қуйидаги талабларни ҳисобга олиш муҳим: агар кўчмас мулк ипотекада бўлса, “Ипотека тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасига мувофиқ банкнинг розилиги ёки рухсати талаб этилади.
Агар мол-мулк солиқ органи томонидан қисман хатланган бўлса, унга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш солиқ органининг рухсати билан амалга оширилади.
Тақиқни киритган ваколатли органнинг розилик хати кадастр ҳужжатларини янгилаш жараёнида муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Демак, кўчмас мулкка тақиқ қўйилган бўлса, унинг сабабини аниқлаш ва тегишли ваколатли органнинг розилигини олиш зарур. “UZKAD” тизимидаги янги имконият кадастр ҳужжатларини янгилаш жараёнини енгиллаштиради, бироқ мулкка нисбатан мавжуд чекловларни ўз-ўзидан бекор қилмайди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА