Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ
Юртимизда кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш, тизимда юзага келаётган муаммоларга ўз вақтида ечим топиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада 2022 йил 28 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Давлат кадастрлари палатаси Навоий вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамшид Олимов ЎзА мухбирига Қонун мазмун-моҳияти юзасидан қуйидагиларни гапириб берди:
– Ушбу қонун ер участкалари, бинолар, иншоотлар, шу жумладан, қурилиши тугалланмаган объектлар, кўп йиллик дов-дарахтларга, мулкий мажмуа сифатидаги корхоналарга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга нисбатан татбиқ этилади. Аммо ушбу Қонуннинг амал қилиши ер ости бойликларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга нисбатан татбиқ этилмайди.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш мулк эгаси ҳуқуқини қонун билан мустаҳкамлаб қўяди. Қонунга асосан, кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқлар юзага келганлиги, бошқа шахсга ўтганлиги, чекланганлиги ва бекор қилинганлиги давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Бинолар, иншоотлар, қурилиши тугалланмаган объектларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ушбу кўчмас мулк жойлашган ер участкасига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилмагунига қадар амалга оширилмайди.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш натижалари ҳамма учун очиқ бўлиб, албатта, бундан давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олган маълумотлар мустасно.
Кўчмас мулкка бўлган – мулк, доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, ижара, иккиламчи ижара, хўжалик юритиш, оператив бошқариш, кўчмас мулкни ишончли бошқариш, бепул фойдаланиш ҳуқуқлари, рента, ипотека, сервитут ёки чекловлар давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Яна бир асосий жиҳат шундаки, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш чоғида юзага келадиган низолар судга қадар ҳал қилиш комиссияси томонидан ёки суднинг қарорига кўра бекор қилиниши мумкин.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш мониторинги натижасида аниқланган қонунчилик талабларига риоя этилмаган ҳолларда Комиссияга мурожаат қилинади. Комиссиянинг ёки рўйхатдан ўтказувчининг хулосасидан норози бўлган манфаатдор шахс Комиссиянинг хулосаси олинган кундан эътиборан икки ой муддатда Апелляция комиссиясига мурожаат қилиши мумкин. Шикоят эса Апелляция комиссияси томонидан ўн иш куни ичида кўриб чиқилади.
Мазкур қонун 74 моддадан иборат бўлиб, расман 2023 йилнинг 1 март санасидан кучга киради.
ЎзА мухбири Абдували Бўриев ёзиб олди.