Кўчмас мулк бозори ўз мавқеини мустаҳкамламоқда
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилилига кўра, январь ойидан кўчмас мулк бозорида фаоллик тикланаётганини кузатиш мумкин. Мазкур ойда олди-сотди шартномалари сони 25,5 мингтани ташкил этиб, ўтган йил январь ойига нисбатан 17,4 фоизга кўпайган.
Йил бошидан кўчмас мулк олди-сотди динамикаси айрим ҳудудларида ижобий тенденцияни кўрсатди. Энг сезиларли ўсиш Жиззах вилоятида қайд этилиб, сотувлар 44 фоизга ошган. Шунингдек, Навоий вилоятида 36 фоизга ўсган.
Тошкент шаҳри кўчмас мулк бозори умумий ҳажмининг 28 фоизини ташкил этиб, битимлар сони 9,3 фоизга ўсган.
Январь ойида республика бўйича иккиламчи уй-жой нархлари ўртача 0,3 фоизга ошиб, ўтган йилга нисбатан 4,6 фоизга ўсди.
Йиллик ҳисобда ҳудудлар кесимида уй-жой нархларининг юқори ўсиши Сурхондарё (11,4 фоиз), Жиззах (10,4 фоиз) ва Фарғона (8,4 фоиз) вилоятларида кузатилди.
Январь ойида Тошкент шаҳрида ўртача уй-жой нархи деярли ўзгармаган. Пойтахт туманлари кесимида нархлар пасайиши Сергели, Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида қайд этилган.
Йиллик ҳисобда Тошкент шаҳрида уй-жой нархи 2,3 фоизга пасайган.
Январь ойида Тошкент шаҳридаги ижара бозорида фаоллик бироз пасайган. Ўртача ижара нархи 8,1 долларни (бир квадрат метр учун) ташкил этди.
Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи юқорилигича қолмоқда. Ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10 долларни ташкил этади.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида ижара нархи ўтган йилга нисбатан 10,7 фоизга пасайган. Энг катта пасайиш Чилонзор (17,4 фоиз), Олмазор (16,7 фоиз) ва Яшнобод (14,3 фоиз) туманларида қайд этилган.
Моҳигул Қосимова, ЎзА