Кўчатчиликни ривожлантириш бўйича Сербия билан ҳамкорлик қилинади
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, юқори сифатли кўчатлар етиштириш ҳамда соҳада инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш мақсадида халқаро ҳамкорлик алоқалари изчил ривожлантирилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда етакчи хорижий компаниялар билан амалий ҳамкорликни кучайтириш орқали кўчатчилик тармоғини янги босқичга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сербия Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Иқтисодиёт вазири Адрияна Месарович бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида ўтказилган бизнес форум якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда “EvroKalem Trade Ltd” компанияси ўртасида кўчатчиликни ривожлантириш юзасидан ҳамкорлик битими имзоланган эди.
Мазкур келишув ижросини таъминлаш ҳамда ҳамкорликни амалий босқичга ўтказиш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари ва Сербия Ўсимликлар карантини департаменти мутасаддилари ўртасида мулоқот ташкил этилди.
Унда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келаётган масалалар муҳокама қилиниб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Музокаралар давомида ҳамкорликнинг устувор йўналишларини кенгайтириш, жумладан, икки мамлакат илмий-тадқиқот институтлари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, илғор агротехнологияларни жорий этиш, селекция ва кўчат етиштириш соҳасида тажриба алмашиш масалалари юзасидан келишувга эришилди.
Шунингдек, “EvroKalem Trade Ltd” компанияси томонидан тақдим этиладиган истиқболли бизнес таклифларини босқичма-босқич амалга ошириш, қўшма лойиҳаларни кенгайтириш ҳамда инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан ўзаро келишувга эришилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА