
Қува тумани кўчатчиликда нафақат Фарғона вилоятида, балки юртимизда ҳам машҳур. Айни пайтда 18 та атиргулчиликка ихтисослашган, 26 та мевали ва манзарали кўчатлар етиштирувчи ҳамда 10 та цитрус мевалар, қулупнай парваришлаётган маҳаллалар бор.
“Қорақум” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси кўчатчилик ва гулчилик соҳасида энг миришкорлар сафида бўлиб, мазкур йўналишда илм-фан ютуқлари ва ҳаётий тажрибаларни ўзаро уйғунлаштириш орқали катта ютуқларга эришмоқда. Шу кунларда маҳалла кўчалари юк машиналари билан гавжум. Фарғона водийсидан тортиб, қўшни республикалардан келган харидорлар юзлаб турдаги атиргуллар, мевали ва манзарали дарахтлар кўчатларини олиб кетиш учун навбатда турибди. Қорақумликлар эндиликда шунчаки боғбон эмас, тадбиркор, ўзига тўқ оилалар соҳиби.

– Маҳалламизда 1135 та хонадонда 5871 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди “Қорақум” МФЙ раиси Мирзаакбар Исмоилов. – Бугун ҳар бир қорақумликнинг боғбончилик соҳасида ўзига хос тадбиркорлиги бор. Ҳалол рақобат муҳити туфайли ҳар бир оила тинимсиз изланишда.

Биргина “Асад водий гуллари” гулчилик кооперацияси раҳбари Алишер Тожибоев маҳалладошларига кўчатчилик билан бирга, мавсумий атиргуллар қаламчаларини етиштириш ғоятда фойдали ва даромадли эканлигини исботлаб, энг муҳими, ўз бизнесини йўлга қўйишни ўргатди. Ҳозирда маҳалладаги юзлаб оилалар гулчилик билан шуғулланади. Кооперация кўмагида 400 турдан зиёд гул қаламчаларини МДҲ, Европа давлатларига экспорт қилмоқда.

Кейинги йилларда маҳаллада Нидерландия, Япония, Жанубий Корея давлатларидан жаҳон бозорида энг харидоргир гул уруғи, кўчатлари олиб келиниб, маҳаллий иқлим шароитига мослаштирилди. Бундай ноёб атиргуллар, лолалар, мавсумий ва кўп йиллик манзарали гуллар етиштираётган қорақумликларнинг йиллик даромади юз миллион атрофида.

Маҳалла ҳудуди бўйлаб ўтадиган катта йўл ёқасида жойлашган ҳовлилар табиатнинг бетакрор жонли музейига ўхшайди. Манзарали дарахт ва буталар, арчалар, анвойи гулларга турли шакллар берилиб, ажойиб безаклар чиқарилган. Маҳалла тадбиркорлари буюртма асосида аҳоли хонадонлари, корхона-ташкилотлар ҳудудида ана шундай ўзига хос безакли яшил мажмуаларни ташкил қилиб, парваришлаш жараёнида кўмаклашмоқда. Ландшафт архитектураси намуналарини яратишда қорақумликларга етадигани йўқ.
Баҳодир Шерматов ва Аҳрор Эминов ана шундай янги ғоялар, инновациялар ташаббускори. Бу икки қўшни дарахтлар, гулларга турли шакллар ёрдамида безак бериб, ноёб дизайнли яшил йўлак ва хиёбонлар яратиб беришдаги маҳорати орқали тилга тушган. Бу омилкорлар кўп йиллик дарахтлар кўчатларини олиб бориб, томорқангизда бир-икки йилда мевага кирувчи интенсив боғлар ташкил қилиб беради.
– Кўчатчилик, гулчилик шунчаки деҳқончилик юмуши бўлмай қолди, – дейди Баҳодир Шерматов. – Ҳар бир ишга янгича мезонлар асосида илм билан ёндашган тадбиркор ютади. Шундан мунтазам хориж тажрибасини ўрганамиз. Ижтимоий тармоқларни кузатиб, янгилик ва ўзгаришларни ўз фаолиятимизга татбиқ этишга ҳаракат қиламиз.
Бугун каттаю кичик қуваликларнинг мақсади водийни боғу бўстонга айлантиришга қаратилган.
М.Сулаймонов, ЎзА