Кластерда Наврўз тадбирлари бўлиб ўтди
Андижон вилояти Бўстон туманидаги «Сайёра фаввораси» хусусий корхонаси пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластери маъмурияти ташаббуси билан Наврўз байрами тадбирлари бўлиб ўтди.
Байрам тадбирида пахта тўқимачилик кластери раҳбари Б.Қодиров кластер тизимининг бош бўғини бўлган пахта қабул қилиш ва қайта ишлаш маскани ишчи ходимлари ҳамда меҳнат фахрийларини кўҳна ва навқирон байрам Наврўз айёми билан самимий муборакбод этди.

Уларнинг самарали иш олиб бораётганликларини алоҳида эътироф этиб, кейинги ишларига куч-қувватлар тилади.
Шундан сўнг фаол ишчи ходимларга қишлоқ хўжалиги кластери маъмурияти томонидан маиший техника жиҳозлари ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.

Наврўзга бағишланган мазкур тадбирда концерт дастури уюштирилиб, байрам дастурхони тузалди. Тадбир доирасида «Сумалак сайли» ҳам ташкил этилди.
Барча ишчи ходимлар сумалак тайёрлаш жараёнига сидқидилдан ёндашдилар.
«Сумалак сайли» тадбири доирасида эрта тонгдан бошланган куй-қўшиқ, шўх-яллалар кечгача давом этди.
Илҳомжон ТОЖИБОЕВ