Кластер лойиҳаси – фаровонлик омили
Жорий йилда Фарғона вилоятида 116,5 гектар майдонда 26 та замонавий иссиқхона барпо этилмоқда.
Жорий йилда Фарғона вилоятида 116,5 гектар майдонда 26 та замонавий иссиқхона барпо этилмоқда.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар аҳоли фаровонлигини юксалтириш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Вилоятда илғор ва инновацион технологиялар асосида иссиқхоналар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда вилоятда 624,7 гектар майдонда турли ўлчамдаги 2 минг 756 та иссиқхона фаолият юритмоқда. Ўтган йили Данғара туманидаги “Зимний сад”, “Агро грин сити” масъулияти чекланган жамиятларида гидропоника усулида иссиқхона ташкил этилди. Айни кунларда бу ерда турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, аҳоли дастурхонига тортиқ қилинмоқда.
Қувасой шаҳридаги “Agro service Asia” АЖ томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қадоқлаш ва экспорт қилиш бўйича кластер лойиҳаси амалга оширилмоқда. Қишлоқ хўжалигида фан ва техника ютуқларини, ресурс тежайдиган замонавий ва интенсив агротехнологияларни, илғор тажрибаларни жорий қилиш муҳим вазифалардан саналади. Хусусан, мазкур жамият томонидан амалга оширилаётган лойиҳа айнан инновацион ва замонавий технологиялар асосида барпо этилмоқда.
12 гектар майдондан иборат ҳудудда кўчат етиштиришдан бошлаб то уни қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспортга жўнатишгача бўлган барча жараён бажарилади. Бу ерда 2 та замонавий кўчатхона, 10 та иссиқхона, Net house, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш камераси, логистика маркази қурилди. Шунингдек, бу ерда фермер хўжаликлари, томорқа ер эгалари учун ҳам маҳорат дарслари ўтиш, маслаҳат бериш ташкил этилган.
Гидропоника усулидаги иссиқхонада Исроилдан келтирилган замонавий жиҳозлар ўрнатилди. Иссиқхонадаги ҳарорат, ўсимликнинг сув ва озуқага талаби чуқур таҳлил орқали аниқланади. Турли минераллар билан бойитилган сув томчилатиш усулида ўсимлик илдизига етказилади. Айни кунларда бу ерда етиштирилаётган бодринг, помидор, булғор қалампири ҳосилга кирди ва буюртмачиларга етказиб берилмоқда. Бу ерда 60 кишининг доимий бандлиги таъминланган.