КХДР ТИВ: АҚШ билан мулоқотдан ҳеч қандай маъно йўқ!
Жанубий Кореяда рўйхатдан ўтган айрим ташкилотлар ҳаво тўлдирилган полиетилен шарлар ёрдамида Шимол давлати ҳудудига ташвиқот варақаларини учиряпти.
КХДР ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Чхве Сон Хи иккала Корея давлати ўртасидаги алоқалар кескинлашиши муносабати билан АҚШ ва Шимолий Корея иштирокида саммит ўтказиш зарурати юзага келганлиги ҳақидаги хабарлардан «ҳайрат»га тушганини яширмаяпти. Дипломатнинг айни мазмундаги баёнотини «РИА Новости» изоҳлаган.
Бироз аввалроқ ОАВ, турли давлатлар экспертлари ва айрим расмий вакиллари Пхенян ва Вашингтон ўртасида олий даражадаги учрашув ташкил этиш имконияти ва зарурати хусусида фикр билдиришган эди. Жанубий Корея президенти Мун Чже Ин эса мазкур саммит АҚШда бўлиб ўтадиган президент сайловларигача уюштирилишини маъқуллади.
«Мен жамоатчилик орасида саммит ҳақида назарий фикрлар пайдо бўлганидан ҳайратда эканимни яширолмайман, чунки бу Корея-Америка муносабатларининг бугунги кундаги ҳолатига мутлақо зид. Айниқса, жуда кичик хато ёки нотўғри мулоҳаза кейин ўнглаб бўлмайдиган салбий оқибатларга олиб келадиган ҳозиргидек нозик вазиятда. АҚШ КХДРга нисбатан »ёв сиёсатини олиб боришга тиш-тирноғи билан киришган«. Улар ҳозир ҳеч қандай янги, фойдали шартларни таклиф этишга тайёр эмас ва айни мавзудан мамлакатнинг ички сиёсий инқирози билан боғлиқ муаммоларни ечиш йўлида фойдаланмоқчи. Шунинг учун ҳам Шимолий Корея олий даражадаги учрашувларда ҳеч бир мантиқ кўрмаяпти ва эҳтимолий саммит ҳақидаги хабарлардан ҳайрон қоляпти», – дейди Сон Хи хоним. Юқори лавозимли шахснинг ушбу баёнотини Шимолий Корея Марказий телеграф агентлиги эълон қилган.

Унинг қайд этишича, айрим шахслар «ўзларича ниманидир кўзлаб» воситачи бўлиш истагини ифодалаётган ва саммитни АҚШдаги сайловларгача ўтказиш зарурлиги уқтирилаётган бир пайтда «КХДР ва АҚШ етакчилари саммити», деган ибора Шимолий Кореяда «одамларнинг ёдидан ҳам кўтарила бошлади».
«Агар АҚШ қандайдир мулоқотлар натижасида бизни қўзғатишга (позициямизни ўзгартиришга, – таҳририят) умид қилаётган бўлса, қаттиқ адашади. Биз аллақачон АҚШ томонидан анчадан буён давом эттириб келинаётган таҳдидни бартараф этиш бўйича янада аниқ-тиниқ стратегик жадвал тузиб қўйганмиз. Давлатимиз сиёсати бировларнинг ички сиёсати кун тартиби кўринишидаги бундай ташқи чизгилардан келиб чиқиб ўзгартирилмайди, йўналишимизга тузатиш ҳам киритилмайди. Бу ерда узундан-узоқ мулоҳазаларга ўрин йўқ», – дея қўшимча қилган Чхве Сон Хи.
Дипломат АҚШ билан бир даврада суҳбат қилиш зарурати умуман йўқлигини, чунки Қўшма Штатлар «Шимолий Корея-Америка мулоқотига фақат ўзидаги сиёсий инқирозни бартараф этиш воситаси сифатида қараши»ни таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, жануб ва шимол ўртасидаги муносабатлар 16 июнда КХДР икки давлат чегара чизиғида, Кесон саноат мажмуаси зонасида жойлашган қўшма алоқа офисини портлатиб юборгач, қайтадан кескинлашди. Шимолликлар бу ҳаракатга сабаб сифатида жануб томондан КХДР ҳудуди бўйлаб тарғибот варақалари юборилаётганини кўрсатишди.
Сеул ўз навбатида муносабат бузилиши бўйича барча айбни рақибга тўнкамоқда, шу билан бирга қўшни давлатга варақа жўнатаётганларга қарши кураш режасини ҳам, ҳозирча, бекор қилгани йўқ.
Маълумки, Сеул ва Пхенян ўртасидаги алоқалар яна ёмонлашувига сабаб бўлган варақалар билан боғлиқ акциялар кейинги пайтда умуман тўхтамаяпти.
Жанубий Кореяда рўйхатдан ўтган айрим ташкилотлар ҳаво тўлдирилган полиетилен шарлар ёрдамида Шимол давлати ҳудудига ташвиқот варақаларини учиряпти.
КХДР ҳукумати бир неча бор 2018 йилда Шимол ва Жануб етакчилари ўртасида келишилган ўзаро душманлик кайфиятидан воз кечиш тўғрисидаги қўшма баёнот талабларига зид бундай ҳаракатларни тўхтатишни талаб этиб чиқди. Афсуски, «фаол тарғиботчилар» варақа тарқатишда давом этавердилар. Шундан сўнг Пхенян «сабр косаси тўлганини» билдирди ва ўз ҳудудида, Кесон шаҳридаги демилитация қилинган зона яқинида жойлашган кореялараро мувофиқлаштирувчи бюро биносини портлатиб юборди.
Шу воқеанинг эртасига КХДР Бош штаби чегарадаги туманларга қўшин киритиш ва ўша ҳудудларда ўқув машқларини қайтадан тиклаш режаси кўриб чиқилаётгани тўғрисида хабар берди. Шунингдек, 2018 йилги жануб билан келишувга кўра ташлаб чиқилган демилитация қилинган зонадаги ҳарбий полиция кузатув пунктига фуқаро полицияси хизматчилари қайта олиб келиниши ҳам эълон қилинди. Тўғри, кейинчалик бу қарор ижроси Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин буйруғи билан муайян муддатга кечиктирилди.
Дарвоқе, айни воқеалар асносида АҚШнинг КХДР бўйича махсус вакили Стивен Биган 7-9 июль кунлари Жанубий Кореяга ташриф буюриши кутиляпти.
Интернет материаллари асосида тайёрланди.