КХДР етакчилиги кимга ўтади?
Юрак хасталиги ва қандли диабетдан азият чекаётган Ким Чен Иннинг саломатлиги ёмонлашгани боис, Пхеньянга Франциядан бир гуруҳ шифокорлар етиб келишгани ҳам битилган.
Айрим хорижий оммавий ахборот воситаларида тарқатилаётган хабарларга кўра, Шимолий Кореяда ўтган йилнинг охирида мамлакат етакчиси Ким Чен Инга ворис тайёрлаш, аниқроғи, мабодо фавқулодда бирор ҳодиса рўй берадиган бўлса, унинг синглиси Ким Ё Чжонни давлат раҳбарлигига кўтариш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланган. Масалан, Япониянинг «Иомиури» газетаси Жанубий Корея ва Америкадаги манбаларига таянган ҳолда шундай ёзган.
Мақолада айтилишича, Корея Меҳнат партияси Марказий Қўмитасининг ўтган йил сўнггида бўлиб ўтган пленумида, гўёки, агар Ким Чен Ин тасодифан ҳаётдан кўз юмадиган бўлса, мамлакатда ҳокимият унинг синглиси Ким Ё Чжон қўлига ўтиши тўғрисида қарор қабул қилинган. Шунингдек, манбалар ўша воқеадан сўнг «Ким Ё Чжон номидан партиявий ва ҳарбий йўналишда кўплаб директивалар жорий қилинган»и таъкидланган.

«Иомиури»да чоп этилган хабарда январь ойида юқори қон босими, юрак хасталиги ва қандли диабетдан азият чекаётган Ким Чен Иннинг саломатлиги ёмонлашгани боис, Пхеньянга Франциядан бир гуруҳ шифокорлар етиб келишгани ҳам битилган. Ким Ё Чжонни тайёрлаш бўйича ишлар эса жуда тезлашиб кетган ва натижада сингил амалда Шимолий Корея иерархиясининг «иккинчи рақамли одами»га айланган.
Ушбу қизиқарли мавзуга, жумладан, «CNN» телеканали ҳам мурожаат қилиб, Ким Чен Иннинг сўнгги пайтларда «кўринмай қолиши»га айнан соғлиги туфайли юзага чиқққан муаммолар сабаб эканини таъкидлади. Бинобарин, бунгача Ким Чен Ин билан уч марта учрашишга муваффақ бўлган АҚШ президенти Дональд Трамп эса КХДР етакчисининг саломатлиги хавф остида эканлиги ҳақидаги миш-мишларни ҳеч ким тасдиқламаганини иддао қилмоқда.

2020 йил 21 апрелда КХДРнинг жанубий қўшниси ва сиёсат майдонидаги асосий рақиби ҳисобланган Корея Республикасига тегишли «Daily NK» нашри шимолий «қардош» мамлакатдаги манбаларига таяниб, Ким Чен Ин юрак-қон томир тизимида амалга оширилган жарроҳлик амалиётидан сўнг тегишли даволаш жараёнини ўтаётгани хусусида ёзди. Айтишларича, КХДР етакчиси пойтахт Пхеньяндан 100 километр шимоли-шарқда ястаниб ётган Мехянсан тоғи яқинидаги ҳудудда соғлигини тиклаяпти.
Ҳатто, санаси ҳам аниқ кўрсатилган маълумот, яъни 12 апрелда бу ерда жойлашган махсус шифохонага олий мартабали раҳбарни парваришлаш учун пойтахтдаги клиникалардан энг кучли хирурглар чақирилгани ҳақидаги хабар кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Айтганча, мақола сўнггида зарур муолажалардан кейин беморнинг аҳволи яхшилангани ва 19 апрель куни аксарият тиббий мутахассислар уйларига жўнатиб юборилгани маълум қилинган. Айни пайт шифокорлар шунчаки Давлат кенгаши раисининг соғлиги тикланишини назорат қилиб туришибди. Ўз навбатида, мамлакат етакчиси Пэктусан тоғига бир неча бор кўтарилиши натижасида юрак-қон томир тизимида юз берган муаммолар сабаб ўзини ёмон ҳис эта бошлагани ҳам қайд этилган.

Бинобарин, «Ренхап» агентлиги 2020 йил 21 апрелда Жанубий Корея ҳукуматидаги манбага асосланиб тарқатган хабар эса КХДР Давлат кенгаши раисининг саломатлиги ёмонлашгани ҳақидаги шов-шувлар ҳақиқатдан йироқ эканини таъкидлайди.
КХДР етакчилари хасталиги ва ҳатто ўлими билан боғлиқ миш-мишлар ОАВда доим бўлган
Дарвоқе, дунёнинг энг ёпиқ ва сирли давлатларидан бири саналган Корея Халқ Демократик Республикаси раҳбарларининг саломатлиги билан боғлиқ муаммоларга ОАВ тез-тез мурожаат қилиб туришлари одатий ҳол.
Масалан, 2014 йил Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин сентябрь ойи бошидан 40 кун давомида умуман омма олдига чиқмаган. Ўшанда халқаро ва айниқса, Жанубий Корея ОАВда мунтазам равишда КХДР етакчисининг хасталиги ҳақида ёзилган. Мақола муаллифлари Ким Чен Иннинг оёғидаги муаммоларни гоҳ унинг ортиқча вазни билан боғласалар, гоҳ қандайдир жароҳатга йўйишган.
Октябр ўрталарида «Нодон Синмун» газетаси КХДР раҳбарининг аҳоли учун турар-жойлар қурилган митти туманни бориб кўргани ҳақидаги мақола билан бирга Ким Чен Ин воқеа жойида қандайдир симга таяниб ҳаракатланаётгани акс этган суратни ҳам чоп этди. Шундан сўнг Жанубий Корея ОАВда Шимолий Корея раҳбари оёғидан жарроҳлик амалиёти орқали ўсимта олиб ташлангани ва натижада у реабилитация жараёнини бошидан кечираётгани хусусида ёзилди. Фақат 5 ноябрга келибгина Ким Чен Ин халқ кўз ўнгида махсус симсиз пайдо бўлди.
2012 йил 11 февралга ўтар кечаси Хитойда ижтимоий тармоқ орқали, гўёки, эндигина ҳукумат тепасига келган Ким Чен Иннинг ўлдирилганлиги билан боғлиқ маълумотлар урчиб кетди. Худди «вирус сингари» тарқаган хабарларда айтилишича, Ким Чен Инга суиқасд Шимолий Кореянинг Пекиндаги элчихонасида азон пайти уюштирилган, қотиллар қўриқчилар томонидан отиб ташланган. Ким Чен Иннинг ўлими ҳақидаги дастлабки хабар Хитойдаги «Weibo» деб номланган сервис тармоғи орқали чиқиб кетганлиги қайд этилади. Айрим манбаларда Американинг машҳур нашрлари – «Reuters», «Forbes», «Huffington Post», «Gawker» ҳам маълумотни маъқуллагани келтирилган, аммо кўпчилик журналистлар буни миш-миш, деб ҳисоблайди.
2008 йил ўрталаридан бошлаб КХДРнинг аввалги раҳбари Ким Чен Ир (1941-2011 йилларда яшаган)нинг соғлиги мавзуси ҳам кенг муҳокама майдонига айланган. Сабаби, ўша пайтлар мамлакат етакчиси анча муддат омма олдига чиқмаган. Жаҳон ОАВда унинг нафақат хасталангани, балки вафот этгани хусусида ҳам гап-сўзлар юрган.

14 августда Жанубий Кореянинг «Йонхап» агентлиги Ким Чен Ир инсультга учрагани ва натижада тилдан қолгани, шунингдек танаси қисман паралич ҳолатига тушганини ёзган. 9 сентябрь куни КХДРнинг 60 йиллигига бағишлаб Пхеньянда уюштирилган ҳарбий парадда 1-рақамли шахс кўринмагач, Шимолий Корея етакчисининг аҳволи оғирлиги тўғрисидаги миш-мишлар янада кучайиб кетди.
Жанубий Корея ОАВда пайдо бўлган яна бир хабар - Ким Чен Ир энг юқори мартабали сиёсий арбоблардан бири - Пак Сон Чхолнинг дафн маросимида қатнашмагани билан боғлиқ маълумот бу борадаги шов-шувларнинг янги тўлқини кўтарилишига сабаб бўлди. Маълум бўлишича, авваллари у бир қатор нисбатан паст лавозимли мулозимларни сўнгги йўлга кузатишда ҳам иштирок этган экан. Ушбу миш-мишлардан кейин Шимолий Корея ОАВ зўр бериб Ким Чен Ирнинг турли тадбирларда иштирок этаётганини исботловчи суратларни босиб чиқарди. Айрим мутахассислар эса мазкур лавҳалар КХДР етакчиси касал бўлишидан бир неча ой олдин тасвирга туширилганини иддао қилишди. 2008 йилнинг декабрида Жанубий Корея ва АҚШ разведка хизматлари Ким Чен Ир инсультдан кейин соғлигини тиклаб олгани хусусида баёнот беришди.
Ва ниҳоят 2011 йил 17 декабрда КХДР раҳбарининг вафоти ҳақида расмий хабар берилди. Ким Чен Ирнинг вафоти сабаби сифатида юрак хуружи кўрсатилди.