Китобхонлик – маънавий ислоҳотларнинг муҳим таянчи
ЎзЛиДеП Навоий вилояти Кенгаши томонидан “Бир кунда минг китоб” акцияси доирасида Навоий шаҳридаги “Саховат бозори” МЧЖда “Китобхон тадбиркор оила” танлови ўтказилди.
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш ҳамда ёшларни комил инсон этиб тарбиялашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, китобхонлик маданиятини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу борада муҳим ташаббус ва амалий ишлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

ЎзЛиДеП томонидан илгари сурилган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Танловда иштирокчилар учун Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи асосий манба сифатида белгилаб берилди. Чунки ушбу асар халқимизнинг миллий қадриятлари, муҳаббат, садоқат, ватанпарварлик ва маърифатпарварлик ғояларини ўзида мужассам этган бебаҳо асарлардан бири саналади.
Иштирокчилар асар мазмуни, қаҳрамонлар образи ҳамда адиб ҳаёти ва ижоди юзасидан билимларини намоён этди.

Тадбир давомида ташкил этилган савол-жавоблар, викториналар ва саҳнавий чиқишлар қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, роман қаҳрамонларининг образларини саҳна орқали талқин этиш китобхонлик тадбирига янада кўтаринки руҳ бағишлади.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндор оилалар ҳамда фаол иштирокчилар муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА