“Китобхонлик ҳафталиги” бошланди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида “Китобсевар миллат” шиори остидаги VI Республика “Китобхонлик ҳафталиги”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Халқимизни китобхон миллатга айлантириш мамлакатимизда маърифий жабҳаларда олиб борилаётган янгиланиш жараёнларида устувор ўрин эгаллайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январдаги «Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазкур йўналиш ривожида янги имкониятларни очади.
Ушбу қарорга мувофиқ, 2026-2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражасини (бир кишига тўғри келадиган мутолаа қилинган китоблар сонини) йилига ўртача 10 та китобга етказиш белгиланган.
Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида янги жамғарма Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу жамғарма ёш ёзувчилар учун грантлар ажратиш, болалар адабиётини нашр этиш ва китобларни таржима қилиш харажатларини молиялаштиради.
“Китобсевар миллат” шиори остидаги VI Республика “Китобхонлик ҳафталиги” ёзувчи ва шоирлар, ижодкор зиёлилар иштирокидаги учрашувлар, давра суҳбатлари, адабий анжуманларга, танлов ва ижодий викториналарга бой бўлиши кутилмоқда. Айни пайтда ушбу ҳафталик мамлакатимиздаги барча вилоят ахборот-кутубхона марказларида бўлиб ўтади.
Н.Усмонова, ЎзА