Китобхон оналар беллашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Аёл — миллат тарбиячиси. У нафақат хонадон бекаси, балки оилада фарзандлар учун юксак маънавият ва одоб-ахлоқ намунаси ҳисобланади. Фарзандларнинг баркамол инсон бўлиб вояга етишида онанинг билим ва дунёқараши муҳим аҳамият касб этади. Шу боис юртимизда хотин-қизларнинг билимли ва маърифатли бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини кенг тарғиб этиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари тизимида ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоқлари ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Китобхон она” танловининг ҳудудий босқичи Жиззах вилояти Ахборот-кутубхона марказида ташкил этилди.
Маънавият ва маърифат беллашувида Жиззах ҳамда Самарқанд вилоятларида жойлашган ҳарбий қисмлардан саралаб олинган 5 нафар билимдон иштирокчи ўзаро баҳслашди. Қатнашчилар ўзбек адабиётининг етук намояндаларидан бири — Ўткир Ҳошимов асарлари, жумладан, “Дунёнинг ишлари” ва “Икки эшик ораси” романлари бўйича билимларини намойиш этди.
Қизғин ва муросасиз кечган беллашув якунларига кўра, 1-ўрин Жиззах шаҳридаги ҳарбий қисм II даражали сержанти И.Қутбиддиновнинг турмуш ўртоғи Дилдора Узоқовага насиб этди. 2-ўрин Самарқанд вилоятидаги ҳарбий қисм вакили, III даражали сержант А.Файзиевнинг турмуш ўртоғи Ўғилой Рўзиевага, 3-ўрин эса Бахмал туманидаги ҳарбий қисм капитани С.Йўлдошевнинг турмуш ўртоғи Ҳадича Файзиевага берилди.
[gallery-29157]
Тадбир якунида ғолиблар ва барча иштирокчилар ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Бундай маърифий тадбирлар ҳарбий оилаларда китобхонлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлодни билимли ва маънавиятли этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА