
Мамлакатимизда бўлиб ўтаётган “Китобхонлик ҳафталиги – 2025” ижодий-маърифий лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти, Ўзбекистон файласуфлари ассоциацияси ҳамкорлигида таниқли олим Бахтиёр Тўраевнинг “Фазо-вақт синергетикаси” ва “Оддий ва оммабоп синергетика” китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур китобларда жаҳонда бугунги кундаги энг илғор фалсафий методология ҳисобланган синергетика методологияси ва унинг асосий тамойиллари, қонун ва категорияларнинг тарихий келиб чиқиши ҳақида маълумотлар берилган. Бу китоблар Янги Ўзбекистонни бунёд қилувчи ёшларни тарбиялаш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини тиклашдек олижаноб мақсадларга хизмат қилади.

Бу китобларда фазо-вақт хусусиятларини синергетика фани нуқтаи назардан таҳлил этиш, синергетика фани ва синергетик тафаккурнинг хусусиятлари, синергетиканинг умумфалсафий методологик хусусиятлари, фалсафий методология шакллари, синергетиканинг тамойиллари, қонунлари ва категориялари таҳлил қилинган.
Шунингдек, китоблардан чизиқли тафаккур ва ночизиқли тафаккурнинг ўзига хос хусусиятлари, синергетика ва мураккаблик, синергетика ва тасодифлар, фазо ва вақтнинг синергетик табиати, маънавий борлиқнинг синергетик таҳлили, сунъий интеллектнинг синергетик хусусиятлари тўғрисида маълумотлар мавжуд.

“Фазо-вақт синергетикаси” китоби илмий тилда ёзилган, аммо “Оддий ва оммабоп синергетика” китобида юқоридаги ғоялар оддий ва ҳаммабоп тарзда баён этилган. Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, бу китоблар халқимиз тафаккурининг ривожланишида ўзига хос аҳамият касб этади. Мазкур китоблар Имом Бухорий халқаро маркази олимларининг яна бир ютуғидир.
Айтиш керакки, Бахтиёр Тўраев – фалсафа фанлари доктори, Олий таълим аълочиси. Фалсафа, табиатшунослик фалсафаси, фазо ва вақт, ҳозирги замон космологияси, мантиқ, ижтимоий фалсафа ва миллий ғоянинг фалсафий муаммоларига оид 300 дан зиёд илмий мақолалар ва монографиялар муаллифи.
Бахтиёр Тўраев Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор, Турон Фанлар академияси академиги, Самарқанд синергетика мактаби ташкилотчисидир.
Н.Усмонова, ЎзА