Китобхонлар учун қулайлик
Зеро, маърифий ресурслар замонавий шароитда катта аҳамият касб этмоқда.
2020 йил – Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили
Шу билан бирга босма нашрлар, адабиёт ва санъат асарлари, қўлёзма ва график ҳужжатлар, тарихий хужжатлар ва нодир нашрларнинг электрон фондини шакллантиришга доимий эътибор қаратилмоқда.
Зеро, маърифий ресурслар замонавий шароитда катта аҳамият касб этмоқда. Буни нодир ва алоҳида қимматли ахборот-кутубхона ресурсларига кўп сонли фойдаланувчиларнинг мурожаатлари ҳам тасдиқлаб турибди.
Фонднинг электрон ресурслар сақланиши, тўлиқлиги ва яхлитлигини, бус-бутунлигини таъминлаш, фойдаланувчиларга ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатиш, ахборот-кутубхона ресурслари электрон каталогини ҳамда ягона электрон ахборот-кутубхона фондини шакллантириш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, кутубхонада «Нодир нашрлар ва қўлёзмалар» маълумотлар базаси дастури жорий этилган. Дастурга нодир нашрлар каталоги ва асарнинг тўлиқ матни киритилган. Шунингдек, алоҳида фойдаланувчилар (олимлар, мутахассислар ва тадқиқотчилар) мазкур дастур ёрдамида ўзларини қизиқтирган мавзулар бўйича шарҳлар, соҳавий мақолаларни жойлаштириш имконига эга бўлишади.
Бу миллий дастурнинг афзаллиги шундаки, фойдаланувчи интернет орқали www.nodir.natlib.uz онлайн тизимида қўлёзмалар, нодир китоб, альбом, газеталар каталоги ҳамда тўлиқ матни билан танишади. Яъни, китобхон қаерда бўлишидан қатъи назар, қўлидаги смартфон орқали икки-уч аср аввал битилган манбани бемалол ўқий олади.
Ҳозир базага 1855 та китоб, 118 та қўлёзма, 22 та альбом, 2670 вақтли матбуот нашри киритилган бўлиб, бу ишлар тизимли давом эттирилмоқда. Ушбу дастур фойдаланувчига қисқа вақтда барча ахборот ресурсларини бир маконга умумлаштириш, кенг кўламли маълумотларни сифатли тақдим этиш имконини беради.