Китобга йўл қисқарса, китобхонлар сафи кенгаяди
Кўпчиликнинг болалик хотирасида китоб билан боғлиқ гўзал бир манзара муҳрланиб қолган, бола уйдаги дуч келган китобни қўлига олади, қизиқиш билан варақлайди, расмларини томоша қилиб, ҳарфларига тикилади. Кейинчалик ота-онаси янги китоб туҳфа қилади ёки мактабдаги устози бирор ҳикояни ўқишни тавсия этади. Шу тариқа, китоб бола ҳаётига сездирмай, оҳиста кириб боради
Аслида китобхонлик мажбурлаш билан эмас, китобга яқин муҳит билан шаклланади. Атрофда китоб кўп бўлса, уни топиш ва харид қилиш имкони кенг бўлса, мутолаа аста-секин кундалик ҳаётнинг бир қисмига айланади.
Бугун мамлакатимизда китобхонликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳам айни мақсадларни кўзлаган. Китоб дўконлари аҳоли гавжум жойларда ташкил қилиниб, кутубхоналар замонавийлашмоқда. Шу билан бирга оилавий мутолаа рағбатлантирилмоқда, ёшлар ўртасида китобхонлик танловлари кенгаймоқда. Китоб савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорларга эса ўз фаолиятини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратилмоқда.
Масала фақат одамларни китоб ўқишга чақиришда эмас. Китобхонликни инсонларнинг кундалик ҳаётига табиий кириб борадиган муҳитга айлантириш муҳим вазифа ҳисобланади. Бунинг учун эса китобхоннинг ўзи билан бирга китобни унга етказадиган бозор, тадбиркорлик ва замонавий инфратузилма ҳам ривожланиши керак.

Жамиятда китоб ўқишга қизиқиши ортгани сари у китобни қаердан олиши, нимани танлаши, қанча туриши, қайси форматда ўқиши каби амалий саволлар ҳам пайдо бўлади. Ана шу саволларга жавоб берадиган тизим қанчалик қулай бўлса, китобхонликнинг кундалик ҳаётдаги ўрни ҳам шунчалик мустаҳкамланади.
Шу жиҳатдан кейинги йилларда мамлакатимизда китобхонликка оид ташаббуслар бир-биридан узилган алоҳида тадбирлар эмас, балки аста-секин ягона муҳитни шакллантираётганини кўриш мумкин. “Ёш китобхон”, “Мутолаа”, “Ёшлар учун минг китоб” каби лойиҳалар ёшларни китоб билан юзлаштираётган бўлса, “Ёш китобхон оила” ташаббуси мутолаани оилавий ҳаётга олиб киришга хизмат қилмоқда. Кутубхоналарни янгилаш ва замонавий хизматларни жорий этиш эса китобхон учун бошқа янги бир эшикни очмоқда.
Жорий йилнинг 22 май куни Халқаро конгресс марказида Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш бўйича умумхалқ ҳаракатига старт бериш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев инсоннинг мустақил фикрлаши бугунги мураккаб ва тез ўзгараётган дунёда энг катта устунликлардан бири эканини таъкидлади. Бу қобилиятни шакллантиришда эса китобхонликнинг ўрни беқиёс экани қайд этилди.
Китоб ўқишнинг қиймати фақат бирор асар мазмунини билиб олиш билан ўлчанмайди. Мутолаа инсонни ўйлашга, солиштиришга, савол беришга, бошқаларнинг қарашини тушунишга ва энг муҳими, ўз фикрини шакллантиришга ўргатади. Шунинг учун китобхонликка берилаётган эътибор, аслида, мустақил фикрлайдиган авлодни тарбиялаш масаласидир.

Давлат раҳбарининг 2026 йил 22 майдаги “Ёшлар орасида китобхонлик дастурини кенг жорий этиш ва уларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармойиши ҳам ана шу қарашнинг амалий давоми бўлди. Ҳужжатга кўра, 2026 йилдан бошлаб умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида китоб ўқишга қизиқишни оширишга қаратилган “Миллий китобхонлик ҳаракати” ҳар йили доимий равишда ўтказилади. Ташаббуснинг эътиборли жиҳати, китобхонликка энди фақат алоҳида танлов ёки бир марталик ташаббус сифатида эмас, мунтазам давом этадиган жараён сифатида қаралмоқда.
Инсон истаган китобни осон топиши, танлаши ва харид қилиши учун ҳам қулай шароит бўлиши керак. Китоб дўконларининг одамлар гавжум жойларда, маҳаллаларга яқин ҳудудларда фаолият юритиши, китобларнинг турли шакл ва йўналишларда таклиф этилиши ана шу эҳтиёжни қондиришга хизмат қилади. Шу маънода китоб савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар китобхонлик муҳитини шакллантиришда бевосита иштирок этаётган муҳим бўғинга айланмоқда.
Буни жорий йилнинг 4 июль куни Сергели туманидаги Иттифоқ маҳалласи, Янги Сергели кўчасида амалга оширилган савдо ва хизмат кўрсатиш драйвер лойиҳаси мисолида ҳам кўриш мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу ҳудуддаги янги савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти билан танишар экан, улар қаторида фаолият юритаётган китоб дўконига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Ташриф давомида китоб дўконлари фаолиятини кенгайтириш, китобларни аҳолига, хусусан, маҳаллаларга янада яқинлаштириш масалаларига эътибор қаратилди.
– Дастлаб бу соҳага тадбиркор сифатида кирган эдик. Давлатимиз раҳбари билан бўлган учрашувлардан кейин асосий мақсадимиз ўзгарди, – деди китоб савдоси билан шуғулланувчи “Best Poligraf Treyd” раҳбари Насруллоҳ Абдусатторов. – Бир йил ичида олтита китоб дўкони очдик. Бугун энг катта мақсадимиз – юртимизда бошланган китобхонлик сиёсатини амалда давом эттириш ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш. Бугунги кунда энг асосий масала, китобни китобхонга яқинлаштириш. Китоб дўконлари кўпинча одамлар кам қатнайдиган жойларда жойлашади. Эндиликда шаҳарнинг гавжум ҳудудларида китоб дўконлари очиш учун имкониятлар яратилаётгани нафақат тадбиркорлар, балки китобхонлар учун ҳам катта қулайлик.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, китоб савдоси қисқа муддатда катта фойда келтирмаслиги мумкин. Аммо унинг ҳақиқий самараси йиллар ўтиб, жамият тараққиётида намоён бўлади. Бу фикр бизга катта мотивация ва ишонч берди. Ҳозир IT-Парк билан ҳамкорликда “Устоз” номли сунъий интеллект платформаси устида ишлаяпмиз. Платформа китобхоннинг ёши, касби ва билим даражасидан келиб чиқиб, унга мос китобларни тавсия қилади, мутолаа жараёнини кузатади ва китоб ўқишга рағбатлантиради. Ишонамизки, бу лойиҳа китобхонликни янги босқичга олиб чиқиб, юртимизда мутолаа маданиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Бугун очилаётган ҳар бир китоб дўкони, қўлга олинаётган ҳар бир китоб, оилада бирга ўқилаётган ҳар бир асар ва мутолаани осонлаштираётган янги технология аслида келажак учун қўйилаётган қадамдир. Унинг натижаси эртага эмас, йиллар ўтиб – мустақил фикрлайдиган, билимга интиладиган, ўз қарашига эга авлод тимсолида намоён бўлади.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
Носиржой ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА