Ҳар куни ўртача 20 бет китоб ўқишни одатга айлантирган Дилбархон Ҳайдарова нафақат билимга чанқоқ, балки китоб орқали ҳаёт сабоқларини ўрганувчи ёш китобхондир. У Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда 8-синфда таҳсил олади ва келажакда дастурчи бўлишни орзу қилади. Дилбарнинг фикрича, бу орзуга етишиш йўлида энг самарали "код" – бу китоб мутолаасидир.
Буюк аллома Шайх Нажмиддин Кубро китоб ҳақида шундай деган: "Китоб — саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида таянч, ёлғизлик дамларида йўлдош, бахтиёр дақиқаларда раҳбар, қайғули дамларда мададкор, одамлар орасида зеб-у зийнат, душманларга қарши курашда қуролдир".
Дарҳақиқат, китоб инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасида йўлдош бўла олади. Шу сабабдан ҳам ёшлар орасида мутолаа маданиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида 2017 йилдан буён Президентнинг беш муҳим ташаббуси доирасида "Ёш китобхон" танлови анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.

Дилбархон Ҳайдарова ушбу нуфузли танловда ғолибликни қўлга киритиб, Президент совғаси — электромобиль билан тақдирланди. Бу ютуқ унинг китобга бўлган меҳри ва фидойилигининг ёрқин самарасидир.
Дилбархон:
– Китоб ўқисам, кўнглим ором топади, ичимда бир илиқлик уйғонади. Ҳар бир асар қаҳрамонлари билан ғойибона суҳбатлашаман. Ишончим комил, китоблар бизни фақат яхшиликка етаклайди, қалбимизни поклайди ва келажакка ёруғ йўл очади.
Унга энг катта таъсир кўрсатган асар — Фарҳод Мусожоновнинг "Бир қултум булоқ суви" қиссаси бўлган. Асардаги бош қаҳрамон Риҳсивой сингари, Дилбархон ҳам ҳаёт синовларидан чўчимай, қатъият билан олдинга интилади. Ўтган ёзги таътил давомида у 30 дан ортиқ китобни мутолаа қилиб, танловда иштирок этди.

Дилбархоннинг бу муваффақияти дугоналари орасида ҳам китобга бўлган қизиқишни оширди. У доимо уларга шундай дейди:
– Китоб ўқиш – инсон тафаккурининг озуқаси.
Дунё тарихидаги буюк шахслар, подшоҳлар, давлат арбоблари ҳақида ўргансак, уларнинг барчаси ёшлигидан китоб ўқишга, ёзишга жалб этилганини кўрамиз. Бу эса мутолаанинг нақадар муҳимлигини яна бир бор исботлайди.
Эслатиб ўтамиз, "Ёш китобхон" танлови 10–14, 15–19 ва 20–30 ёш тоифаларида ўтказилиб, маҳалла, сектор, туман, ҳудуд ва республика босқичларини қамраб олади. Танловда иштирокчилар қуйидаги 5 шарт бўйича баҳс олиб боришади:
— "Бадиий асарлар билимдони";
— "Тезкор савол-жавоб";
— "Буюк мутафаккир ва адиб";
— "Шеърият";
— "Иншо ёзиш".
Бу каби танловлар ёшларнинг билимга бўлган интилишини ошириб, маънавий етук авлодни тарбиялашга хизмат қилади. Дилбархон Ҳайдарова каби фидойи ва китобсевар ёшлар эса жамиятимизнинг энг катта бойлигидир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА