Китоб тақдимоти: “Ўзбекистон Қаҳрамонлари”
Самарқанд шаҳрида «Янги Ўзбекистон — инсон қадри улуғланган юрт» шиори остида бўлиб ўтаётган маданий-маърифий тадбирлар доирасида «Ўзбекистон Қаҳрамонлари» китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Қаҳрамони, маънавият фидойилари, олимлар, зиёлилар ва ёшлар иштирок этди.
Тақдимотни Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Ҳожиматов очиб берди ва олиб борди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида «Ўзбекистон Қаҳрамонлари» китоби чоп этилди. Мазкур китоб-альбом миллатимиз қаҳрамонларига эҳтиром сифатида яратилди. Унда Ватанимиз тараққиётига беқиёс ҳисса қўшиб, «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвони ҳамда «Олтин Юлдуз» медали билан тақдирланган бир юз уч нафар юртдошимизнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади.
Мазкур китобда ҳаётнинг турли синовларига қарамай сабот билан меҳнат қилиб, халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилган давлат ва жамоат арбоблари, олимлар, ишчи-хизматчилар, устозлар, деҳқон, чорвадорлар, санъат ва маданият ходимлари, барча жабҳаларда олиб борилаётган юксак бунёдкорлик ишларида доимо камарбаста бўлган замондошларимизнинг умр йўллари акс этган.
Н.Усмонова, ЎзА