
Хотира ва қадрлаш куни — моҳиятан ниҳоятда улуғ кун. Чунки, ҳар бир инсон хотира билан тирик, қадр билан азиздир. Мана шу кун келса, кўнглимдан илиқ хотиралар кеча бошлайди. Айниқса, қалб қўрини бериб, бизга тўғри йўлни кўрсатган устозлар, уларнинг улуғ сиймоси кўз ўнгимда гавдаланади. Мана шундай кўнгил кечинмалари сабаб, куни кеча бундан 2 йил олдин Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан нашр этилган ва жуда кўплаб ҳамкасбларимизда катта таассурот қолдирган “Матонатли аёл қиссаси” китобини қўлимга олиб, қайтадан ўқиб чиқдим.
Бу китобда бутун умрини суд тизимига бағишлаган, ҳаётда қанчалик ғам, қанчалик алам ва ҳасрат бўлса, уларнинг ҳаммасини кўриб, нафақат кўриб, балки мардонавор енгиб ўтган, том маънодаги МАТОНАТЛИ АЁЛ, машҳур судья Умсин Астонованинг ибратли ҳаёти ҳақида батафсил ҳикоя қилинади.
Бу аёл энг мураккаб ва қийин дамларда қарийб 30 йил давомида Фориш тумани суди раиси лавозимида ҳалол-пок ишлаб элу халқнинг меҳрини қозонади.
Биз яшаётган заминда инсон қадрини улуғлаш, унинг иззат-ҳурматини жойига қўйиш каби қадриятлар минг йиллардан буён бизга йўлдош бўлиб келмоқда. Айниқса, Янги Ўзбекистон жамиятида бу қадрият амалий тус олди.

Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуслари билан кексаларимизни, пиру бадавлат инсонларимизни улуғлаш, уларнинг иззат-икромларини жойига қўйиш ҳаётимизнинг ажралмас бир қисмига айлангани ҳаётий ҳақиқат.
Динимиз доимо инсонларни бир-бирига яхшилик қилишга буюради. Хусусан, гўдаклар, аёллар ва кексаларга янада кўпроқ эътибор қаратишга чақиради. Кексаларнинг борлиги улкан бахтдир. Уларнинг дуолари туфайли Аллоҳ бизларни турли офатлардан сақлайди. Пайғамбаримиз САВ шундай деганлар: “Агар ораларингизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганда эди, бошингизга балолар оқиб келарди”.
Кексалар бу ҳаётнинг бойиган, тажриба ва билим билан тўлган инсонларидир. Уларни қадрлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш ва ёшларга ўрнак бўлиш уларнинг ишончини қозонишнинг энг муҳим йўлидир. Кексаларнинг тажрибаларидан фойдаланиш, улар билан мунозаралар олиб бориш ёш авлоднинг билим доирасини кенгайтиришга ёрдам беради. Кексаларнинг умр йўлини, хатти-ҳаракатларини ёшларга етказиш, уларнинг ҳаётдан қандай сабоқ олишганини кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга.
Тарих фақатгина дунёдан ўтган кишиларнинг қилган ишларини гапириш, уларни ёд этишдангина иборат эмас. Орамизда ўзида катта тарихни жамлаган, ўтмиши не-не китобларга жо бўлгувчи юртдошларимиз ҳам оз эмас. Кексалик гаштини суриб ёнимизда яшаётган, ҳаётий тажрибалари ва донишмандликлари билан атрофдагиларга куч-қувват бераётган кишилар ҳам талайгина. Уларнинг олаётган ҳар бир нафаси, айтаётган ҳар бир гапи бугунги ёшлар учун катта ибрат мактабидир. Шу эзгу ниятларни ҳаётга янада чуқурроқ татбиқ этиш мақсадида Судьялар олий кенгаши бугунги кунда нуронийлик гаштини суриб шогирдларига тиргак бўлаётган суд-ҳуқуқ тизимининг фидойилари ҳаётидан ҳикоя қилувчи китобларни нашр этиш орқали уларнинг ибратли ҳаётларини кейинги авлодларга ўрнак қилиб кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган ва бу борада қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.
Бугун 95 баҳорни қаршилаётган Умсин Астанованинг ҳаёти, меҳнат фаолияти ҳақиқатдан кишиларга ўрнак бўлгилик. Чунки, умрининг асосий қисмини судьяликдек қийин, масъулиятли ва шарафли соҳага бағишлаган бу инсоннинг ўтмиши келажаги ёруғ бўлишни хоҳлаган, ўз касбида иззат-икром топишни ўйлаган ҳар бир инсон учун, ҳар бир судья учун катта ибрат мактабидир.
Китоб муаллифи қаҳрамони ҳаётини ҳикоя қилар экан, унинг бошидан ўтказган азоб-уқубатларини, машаққатли қисматини ва алалоқибат меҳнати сабаб эришган мартабаю рутбасини ишонарли тарзда ифодалаб берган. Аниқроғи, ўқувчи кўз олдига маржондек тизиб қўйган.
“Онам билан 4-5 километр узоқликда чўлга чиқиб ўтин йиғардик. Бир амаллаб ковул, саксовул, шувоқ топиб келардик. Қорним жуда оч бўлганлиги учун онам қўшниларникига нон пиширишга кетса, унинг тезроқ қайтиб келишини интизорлик билан кутардим. Баъзан эшикнинг кичкина тешигидан онамнинг йўлига кўз тикиб ўтирардим қўлида нон борми-йўқми, деб.
Сабаби, айримлар агар ўтин ўзларидан бўлса, ўша яримта нонни ҳам бермас эди. Бундай кунларни ҳеч бандага кўрсатмасин...”
Бу каби киши қалбини ўртайдиган ҳаётий ҳикоялар китобда кўп ўринларда учрайди.
Бу билан бировнинг машаққатли ўтмишини шунчаки айтиш эмас, аксинча, бундай ҳолатлардан ибрат олиш, хулоса чиқариш кўзда тутилган. Негаки, ҳозир эмин-эркин, тўқчилик замонида яшаяпмиз. Бугун қаҳатчиликни, йўқчиликни бошидан ўтказган кишилар орамизда қолмади ҳисоб. Бугуннинг одами учун бир бурда нонга зор бўлиш ёки ўзи хоҳлаган кийимни кия олмаслик эртакдагидек гап.
Аммо, тўқликка шўхлик, деганларидек нафсини жиловлай олмаётганлар, бировларнинг мулкига кўз олайтираётганлар, иккиланмасдан коррупцияга қўл ураётганлар ҳам орамизда топилади.
Суд тизимида қарийб ярим аср фаолият кўрсатган инсон сифатида бундай нокасларга мен “Матонатли аёл қиссаси” китобини ўқиб чиқишни тавсия этган бўлардим. Бировларнинг оёғига болта уриш илинжида юрмасдан, мана шундай эзгуликка ундайдиган китобларни мутолаа қилиш инсонни нурли манзилларга етаклаши, шубҳасиздир...
Туркум қилиб нашр этилаётган мана шу каби китоблар нафсини тиёлмаётган судьялар учун эмдори (профилактика) вазифасини ўташ мақсадида чоп этиляпти.
Юқорида китобларнинг инсон маънавиятига таъсири борасида фикр юритдик. Бу хайрли ишларни амалга ошириш ҳам катта савоб амаллардан эканлиги бор ҳақиқат. Чунки, мана шундай китоблар орқали ўзлигини топаётган, асл ўзанига қайтаётган инсонлар кўп.
Мутолаа қилган инсон бир ёмон фикридан қайтдими, бир яхши хислатни ўзлаштирдими, демак, ўша китоб ўз вазифасини қайсидир маънода уддалаган ҳисобланади...
Убайдулла Мингбоев,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист